Йилнинг энг фаоллари тақдирланди

Кегейли туманида ўтаётган йил якунларига бағишланган «Хошамет-2025» тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда туман ҳокими Айбек Камалов жорий йил давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қилинган ишлар, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа қўлга киритилган ютуқлар ҳақида сўзлаб, келгусида янада юқори ютуқларга эришишини тилади.
Тадбирда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшган бир қатор соҳа вакиллари турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилиб, туман ҳокимлиги томонидан муносиб тақдирланди.

– Бугунги ўтказилган тадбирда таълим соҳасида қўлга киритган ютуқларим инобатга олиниб, «Йилнинг энг яхши мактаб директори» номинацияси бўйича ғолиб деб топилдим, – дейди 55-сонли айрим фанларни чуқурлаштириб ўқитадиган синфи бор умумий ўрта таълим мактаби директори Ахмед Утепбергенов. – 2022-2023-ўқув йилида мактабимиз ўқувчилари «Чет тилларини ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли III ўринни эгаллаб 150 млн сўмлик сертификатни ютиб олган бўлсак, 2023-2024-ўқув йилида I ўринни ютиб олишга муваффақ бўлдик ва 250 млн сўмлик мукофотни қўлга киритдик. Ғолиб ўқувчиларимиз эса жорий ўқув йилида Англия пойтахти Лондон шаҳрига саёҳат қилиб қайтди. Келгусида ҳам ўзимизга билдирилган ишончни тўла оқлаб, янада юқори натижаларга эришиш учун астойдил меҳнат қиламиз.
Кегейли туманида ўтказилган «Хошамет-2025» тақдирлаш маросими соҳа фидойиларини янги ютуқларга қараб руҳлантириб, уларга келажакдаги мақсадлари учун мустаҳкам ишонч бағишлади.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси