Элликқалъада замонавий автодром ва техникалар топширилди

2

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан Элликқалъа туманидаги ўқув спорт техника марказига замонавий автодром қуриб берилди.

Тантанали топшириш маросимида «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раҳбарлари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, туман ҳокимлиги мутасаддилари, ёшлар, ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққан мутасаддилар янги автодромнинг ишга туширилиши ўқув-клубда таҳсил олаётган ёшларга ҳайдовчилик мутахассислигини замонавий талаблар асосида эгаллаш, хавфсиз ҳаракатланиш қоидаларини чуқур ўзлаштириш ва турли тоифадаги транспорт воситаларини бошқаришда амалий тажриба орттириш имконини беришини таъкидлади.

Тадбир доирасида Элликқалъа, Беруний, Тўрткўл, Амударё, Қўнғирот ва Хўжайли туманлари ўқув спорт техника марказларига замонавий енгил ва юк автомобиллари топширилди.

Тадбир доирасида ҳарбий хизматчилар томонидан қўйиб берилган кўргазмали қўл жанги мусобақалари ҳамда ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар йиғилганларга байрам кайфиятини бағишлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги