Ис гази ва ёнғин балосидан эҳтиёт бўлайлик!

2

Хавфсизликка эътибор қаратиш ҳар мавсумда зарур бўлган амалий жараёнлардан ҳисобланади. Айниқса, қиш мавсуми келиб, об-ҳавонинг кескин совиб кетиши фуқароларнинг газга бўлган эҳтиёжи ортиб боришига сабаб бўлади.

Шу ўринда таъкидлаш керак, айрим фуқаролар газдан нотўғри фойдаланади, натижада бахтсиз ҳодисалар келиб чиқиши мумкин. Йил бошидан шу кунгача республикамизда 700 га яқин ёнғин ҳолати ҳисобга олинган. Ёнғинларнинг аксарияти, қарийб 75 фоизи фуқароларнинг турар жойларида содир бўлган.

Хусусан, ўтган 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 20 фуқаро заҳарли газдан зарарланиб вафот этган.

Бунинг сабаби нимада? Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари статистикасига кўра, қиш мавсумидаги аксарият офатлар нафақат техник носозликлар билан, балки аҳолининг хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслиги, масъулиятсизлиги ва бепарволиги оқибатидир. Шу боис хавфсизликни таъминлаш ҳар бир фуқаронинг шахсий ва жамоавий масъулияти меъёри сифатида қабул қилиниши шарт.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жами 1 минг 700 дан ортиқ кўп қаватли уйларда 45 мингга яқин хонадонлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти пойтахтимиз Нукус шаҳрида жойлашган. Нукус шаҳрида 688 та кўп қаватли уйларнинг 447 таси эски, 241 таси янги қурилган уйлар бўлиб, жами 24 минг 700 дан ортиқ хонадонлар мавжуд.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассисларининг ўрганишларига кўра, фуқароларнинг заҳарли газдан зарарланиши билан боғлиқ бўлган кўнгилсиз ҳолатлар илгари қурилган кўп қаватли уйларда, айниқса, ўрганиш ўтказишга борган бошқарма ходимларига эшигини очмаган, сунъий иситиш қозонхоналаридан фойдаланган, мўриси ёки горелкаси носоз бўлган хонадонларда юз бермоқда. Нукус шаҳрида эски кўп қаватли уйларда 15 мингга яқин хонадонлар мавжуд бўлиб, шу кунгача 2 минг 100 дан ортиқ хонадонлар уй эгалари бўлмаганлиги сабабли ўрганилмаган. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларининг уйма-уй юриб олиб борган профилактик тадбирлари натижасида 33 минг 400 дан ортиқ хоналарда хавфсизлик чоралари кўрилди. Заҳарли газдан зарарланиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг қарийб 90 фоизи мўриларнинг тиқилиб қолиши билан боғлиқ бўлмоқда. Шу боис биринчи навбатда иситиш қозонхонаси мўриларини тозалатишга эътибор қаратилмоқда.

Умуман олганда, вентиляция тизими яхши ишламайдиган корхоналарда, автотураргоҳларда, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда, печка билан иситиладиган уйларда, уй шароитида табиий газ чиқиб турганда ёнувчи материалларнинг тўлиқ ёнмаслиги оқибатида заҳарли газдан зарарланиш мумкин. Шунингдек, қурилиш ишларининг коммуникация тармоқлари устида амалга оширилиши, шаҳарсозлик меъёрларига тўғри келмайдиган қурилиш ишлари ёнғинларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Бу бўйича бошқарма томонидан ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жами 458 та қурилиш объектининг рўйхати ишлаб чиқилди. 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида қурилиш учун таклиф этилган 8 минг 754 та ер майдонларининг шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги ўрганилиб, 8 минг 665 та ҳолатда ер майдонларини ажратишга рухсат берилди. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид бўлган 89 та ер майдонларини ажратиш қониқарсиз деб топилди. Лойиҳа ташкилотлари томонидан келишиш учун келиб тушган жами 1 минг 112 та мурожаатдан 849 тасига қониқарли жавоб қайтарилди. 263 та лойиҳа ҳужжатларига ёнғинга қарши чоралар киритилмаганлиги сабабли лойиҳани келишиш бўйича салбий қарор қабул қилинди. Қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга қабул қилиш бўйича 392 та мурожаат келиб тушган, шундан, қурилиши якунланган 327 та объект фойдаланишга қабул қилинган, 65 та объектда тегишли чоралар амалга оширилмаганлиги сабабли фойдаланишга қабул қилиш бўйича салбий қарор қабул қилинди.

Куз-қиш мавсуми – бу биздан нафақат техник тайёргарлик, балки жамият олдидаги юксак масъулиятни талаб этадиган синов даври. Хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бу мажбурият эмас, балки инсон ҳаётининг энг олий қадрият эканини англашдир. Ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ўз хавфсизлигини таъминлашга шахсан масъул.

М.ПИРНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси