Демография ва тараққиёт: Марказий Осиё учун инсон капиталига инвестиция нега муҳим?

38

Экспертлар фикрича, Марказий Осиёда келгуси ўн йилликларда минтақанинг иқтисодий ва ижтимоий келажагини шакллантирадиган чуқур демографик ўзгаришлар юз бермоқда. БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИCЕФ) томонидан тайёрланган “Generation 2050 in Central Asia” ҳисоботида Марказий Осиёга “ўсиб бораётган ёш минтақа” дея таъриф берилган. Бунга асослар етарли, албатта. Сабаби Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон аҳолисининг ярмидан кўпи ҳозирда 30 ёшгача. Иккинчи асос шуки, меҳнатга лаёқатли аҳоли улушининг ортиши иқтисодий ўсишни тезлаштиришга олиб келиши мумкин. Бу шубҳасиз “демографик дивиденд” олиш учун ноёб имконият яратади, бироқ бу имкониятдан фақат инсон капиталига катта миқдорда инвестициялар киритиш орқали фойдаланиш мумкин бўлади.

Дарҳақиқат, глобал аҳолининг қариши шароитида Марказий Осиё сайёрамиздаги энг ёш минтақалардан бири бўлиб қолмоқда. Статистикага кўра, Тожикистонда ўртача ёш 22, Қирғизистонда 25 ва Ўзбекистонда 27 ёшни ташкил этади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳатто 2050 йилга келиб бу кўрсаткичлар нисбатан паст бўлиб қолар экан. Бу иқтисодий ўсиш учун имкониятлар эшигини кенгайтиради. Қолаверса, минтақа аҳолиси ўсишдан тўхтагани йўқ, у давом этмоқда. Масалан, 2000 йилда Марказий Осиё мамлакатлари жами аҳолиси 56 миллион эди,  2025 йилга келиб бу кўрсатгич 84 миллиондан ошди ва асрнинг ўрталарида қарийб 112 миллионга етиши кутилмоқда.

Таҳлилларга кўра, минтақада репродуктив ёшдаги аёллар сони ҳам ортиб бормоқда, улар аста-секин камайиб бораётганига қарамай, туғилиш даражаси барқарорлигини сақлаб қолмоқда. Бундай шароитда инсон капиталига инвестиция киритиш минтақа тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Шу сабабли ҳам ҳисоботда таълим, соғлиқни сақлаш ва ёш авлод учун кўникмаларни ривожлантиришга инвестициялар киритишга чақирилган.

– Агар ёшларга қаратилган инвестициялар турғун бўлиб қолса, минтақа ишсизликнинг ошиши, тенгсизликнинг кенгайиши ва иқтисодий салоҳиятнинг йўқолиши хавфи остида қолиши мумкин, -дейилади ҳисоботда.

Бугунги кунда Марказий Осиёда меҳнатга лаёқатли ҳар 100 кишига тахминан 60 нафар боқиманда киши тўғри келади – бу тарихан паст кўрсаткич бўлиб, 2040 йилдан кейин аҳолининг қариши туфайли ўса бошлайди.

– Бу кейинги 10-15 йил жуда муҳим эканлигини англатади, -дейди ҳисобот муаллифлари. – Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимлари ҳозир модернизация қилинмаса, у ҳолда иқтисодий ўсиш ўнлаб йиллар давомида чекланиши мумкин.

Миграция масаласи ҳам минтақа мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири сифатида қайд этилган. Ҳозирда Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг минглаб аҳолиси хорижда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда ва уларнинг фарзандлари ота-оналаридан алоҳида улғайишга мажбур. Табиийки, бу уларнинг ҳиссий фаровонлигига, ўқишдаги натижаларига ва ижтимоий мослашувига қайсидир маънода таъсир қилади. Қолаверса, келгуси йилларда кўплаб мигрантлар пенсия ёшида уйларига қайтадилар, бу ҳам ижтимоий хизматларга юк ошади дегани.

Хўш бундай шароитда шаҳарлар келажаги қандай бўлади? Бу имкониятми ёки хавф?

Таҳлилчилар ҳисобига кўра, асримизнинг ўрталарига келиб, минтақа аҳолисининг 60,5 фоизи шаҳарларда яшар экан. Аммо инфратузилмани ривожлантириш суръати — сув таъминоти, санитария, транспорт ва соғлиқни сақлаш тизимлари ҳали шаҳарларнинг ўсишига мослаша олмаяпти.

– Бу айниқса, тез ривожланаётган Тошкент, Душанбе ва Бишкек ҳудудларида кескин сезилади, -дейди экспертлар. – Бундан ташқари, иқлим ўзгариши ҳам вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Қурғоқчилик, музликларнинг эрта эриши ва айрим ҳудудларда сув танқислиги аллақачон аҳолининг кўчишига ва шаҳар ҳудудларига босимнинг кучайишига олиб келмоқда.

Мутахассислар келажакдаги иқтисодий ўсишнинг учдан икки қисми инсон капиталига киритилган инвестициялар ҳисобига тўғри келишини таъкидламоқда.

– Эрта ёшдан бошлаб сифатли таълим олиш имкониятини ошириш, болалар ва ўсмирларни замонавий тиббий ёрдам ва соғлом овқатланиш билан таъминлаш, оилаларни қўллаб-қувватлайдиган ижтимоий ҳимоя тизимларини кенгайтириш, ёшлар жумладан, қизлар ва аёллар учун бандлик ва ўқув дастурларини кенг йўлга қўйиш, санитария ва хавфсиз шаҳар муҳитини яратиш зарур, – дейди экспертлар. – Агар ушбу чоралар амалга оширилса, Марказий Осиё 2050 йилларда минтақани шакллантирадиган ёш, ғайратли ва кўп қиррали авлоддан самарали фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқи юқорида келтирилган фикрларга қанчалик ҳамоҳанг эканини кўриш мумкин. Ўшанда давлатимиз раҳбари “Аҳолисининг қарийб ярми ёшлардан иборат бўлган Марказий Осиё учун ёш авлод ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалалар айниқса муҳимдир” деган эди. Шунингдек, Ш.Мирзиёев минтақамизда ёшлар тараққиётини рағбатлантириш бўйича ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилиб, “Марказий Осиё ёшлар кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, Президентимиз ҳар гал халқаро минбарларда сўзлаган нутқларида ёшлар масалаларига алоҳида тўхталади. Мамлакатимиз ёшлари билан ҳам тез-тез учрашиб, уларнинг орзу-умидлари, режалари, муаммоларини билгиси келади ҳамда улар билан очиқ мулоқотлар олиб боради. Буларнинг барчаси – диёримизда ёш авлодни камол топтириш, уларни давлатимизнинг онгли, етук фуқароси қилиб вояга етказиш ўлкамизда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг муҳим йўналиши эканини яна бир бор исботлайди.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади, 

ЎзА