Иқлим инқирози ва жаҳон ҳамжамияти: 2025 йилдан келажак учун сабоқлар

8

Аввало айтиш керакки, жорий йил дунё жамоатчилиги учун глобал иқлим ўзгариши энди нафақат келажак хавфи, балки ҳозирги реал воқелик эканини яққол намоён этди. Экстремал иссиқлик тўлқинлари, қурғоқчилик, кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари экологик мувозанатни издан чиқариш билан бирга, жаҳон иқтисодиёти, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорликка ҳам жиддий таъсир кўрсатди.

Халқаро ташкилотлар ҳисоботларига кўра, 2025 йилда иқлим билан боғлиқ офатлар кўлами ва иқтисодий зарари бўйича сўнгги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичга яқинлашди. Бу эса давлатлар ва жамият олдига янги ёндашувлар, аниқ қарорлар ва узоқ муддатли стратегик фикрлаш заруратини қўймоқда.

“Экологик мувозанат” рукни доирасида эксперт Исломбек Ғуломов билан жорий йил тажрибаси, ундан чиқадиган хулосалар ва келажакдаги устувор вазифалар хусусида қисқача суҳбатлашдик. 

– Айтингчи, 2025 йилда қайси экстремал иқлим ҳодисаси глобал миқёсда энг кўп иқтисодий зарар келтирди?

– Жорий йилда иқтисодий жиҳатдан энг катта зарар узоқ давом этган ва кенг ҳудудларни қамраб олган иссиқлик тўлқинлари ҳиссасига тўғри келди, дейиш мумкин. Айниқса, Европа, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ минтақаларида кузатилган юқори ҳарорат қишлоқ хўжалиги, энергия таъминоти тизимлари ва аҳоли саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатди.

Айрим минтақаларда иссиқлик тўлқинлари қурғоқчиликни кучайтирган бўлса, баъзи ҳудудларда ҳалокатли сув тошқинлари кузатилди. Натижада турли инфратузилмалар зарар кўрди, ишлаб чиқариш тўхтаб қолди ва давлат бюджетлари учун миллиардлаб миқдорда қўшимча харажатлар юзага келди. Бу ҳолат иқлим хавфлари энди иқтисодий хавфлар билан тенг даражада баҳоланиши кераклигини кўрсатди.

– Мазкур йилдан қандай сабоқлар келгусида сув захиралари ва қишлоқ хўжалигини бошқаришда қўлланиши мумкин?

– Энг асосий сабоқ – сувни бошқаришда фақат мавжуд захираларга таяниш етарли эмас. Келгусида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш, иқлимга чидамли экин турларига ўтиш ва сув захираларини узоқ муддатли режалаштириш устувор вазифа бўлиши шарт, деб ўйлайман.

– Қайси мамлакатлар иқлим инқирозига қарши энг самарали ҳаракатлар қиляпти, дея оласиз?

– Тўғри, жорий йилда айрим давлатлар иқлимга мослашув ва чиқиндиларни камайтириш соҳасида изчил сиёсат олиб боргани билан ажралиб турди. Хусусан, Скандинавия мамлакатлари, Германия, Япония ва Янги Зеландия қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ва аҳолини иқлим хавфларига тайёрлаш бўйича самарали чоралар кўрди.

Бу мамлакатларда иқлим сиёсати фақат экологик эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий сиёсат билан уйғунлашган. Натижада улар иқлим зарбаларини нисбатан юмшоқ қабул қилди ва тез мослашиш имкониятига эга бўлди.

– COP30 ва экологияга бағишланган шунга ўхшаш халқаро саммитлардан қандай асосий хулосалар олиш мумкин?

– Биласизми, COP30 ва бошқа халқаро йиғинлар асосий бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: энди сиёсий баёнотларнинг ўзи етарли эмас, аниқ молиявий ва амалий механизмлар зарур. Ривожланаётган давлатларга иқлимга мослашув учун молиявий ёрдамни ошириш, технологиялар трансфери ва ҳисобдорлик тизимларини кучайтириш масалалари устувор аҳамият касб этди.

Энг муҳим хулоса – иқлим инқирозига қарши курашда давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Бир мамлакатнинг ҳаракати етарли эмас, глобал мувофиқлашган ёндашувгина самара беради.

– Қайси технологиялар ва инновациялар ушбу йилда иқлим хавфини юмшатишда ёрдам берди?

– Иқлим хавфларини юмшатишда рақамли ва “яшил” технологияларнинг аҳамияти сезиларли даражада ошди. Айниқса, сунъий интеллектга асосланган иқлим мониторинги тизимлари, эрта огоҳлантириш дастурлари ва юқори аниқликдаги прогнозлар табиий офатлар оқибатини камайтиришга хизмат қилди.

Шунингдек, қайта тикланувчи энергия – қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш аккумуляторлари ҳамда “ақлли тармоқ” технологиялари жазирама тўлқинлари пайтида энергия тизимларининг барқарор ишлашини таъминлади.

Қишлоқ хўжалигида эса иқлимга мос агротехнологиялар ва сувни тежайдиган инновациялар самарали натижа берди.

– Иқлим инқирози натижасида қайси янги хавфлар пайдо бўлди ва улардан қандай сақланиш мумкин?

– 2025 йилда иқлим инқирози билан боғлиқ янги хавфлар – иқлим миграцияси, соғлиқни сақлаш тизимига босим ва ижтимоий тенгсизликнинг кучайиши билан намоён бўлди. Экстремал иссиқлик ва сув танқислиги айрим ҳудудларда аҳолининг кўчиб кетишига сабаб бўлди.

Бу хавфлардан сақланиш учун давлатлар эрта мослашув сиёсатига ўтиши, аҳолини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириши ва иқлим хавфларини ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштириши зарур.

Қайд этиш керакки, иқлим инқирозига қарши кураш фақат экологик эмас, балки инсон хавфсизлиги масаласи экани очиқ-ойдин намоён бўлди.

– Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил воқеаларидан келиб чиқадиган энг муҳим глобал сабоқ нима?

– Энг муҳим глобал сабоқ – иқлим инқирозига қарши чоралар асло кечиктирилмаслиги керак. Вақтни бой бериш иқтисодий йўқотишлар, ижтимоий беқарорлик ва инсон ҳаёти учун хавфларни бир неча баробар оширади.

Иқлим ўзгаришига мослашув ва уни юмшатиш чоралари параллел олиб борилмаса, барқарор ривожланиш ҳақида гапириш қийин. Фаол ҳамкорлик, илмий асосланган қарорлар ва масъулиятли ёндашув орқалигина келажак авлодлар учун экологик мувозанатни сақлаб қолиш мумкин.

– Қисқа, лекин мазмунли суҳбат учун ташаккур!

– Раҳмат, саломат бўлинг.

Мусулмон Зиё суҳбатлашди.

ЎзА