Ўзбекистонда олимпия ҳаракати янги босқичга кўтарилмоқда

43

Кейинги йилларда кундалик турмуш тарзимизга “Яшил макон”, “Яшил иқтисодиёт”, “Яшил энергия”, “Яшил оила”, “Таълим учун қулай муҳит”, «Беш ташаббус олимпиадаси”, “Олимпия чўққилари” каби ўнлаб терминлар, лойиҳалар кириб келдики, бу, нафақат давлат ташкилотларида меҳнат қилаётган мутахассисларни, балки мамлакатимиздаги барча тармоқларни, аҳоли қатламларини ягона мақсад сари бирлаштиришга зарур шарт-шароитни вужудга келтирди. Аслида миллий менталитетимизда, қадриятларимизда “яшил” сўзи ҳамиша эзгулик, олийжаноблик, яхшилик, орзу-ниятларга эришиш белгиси бўлиб келган.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳит ва яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида спорт орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда рақобатбардош терма жамоаларни шакллантириш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган.

Айтиш лозим, жорий йилда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларининг 250 дан ортиқ нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштироки таъминланди. Хусусан, III ёшлар Осиё ўйинлари, VI Ислом бирдамлиги ўйинлари, ёшлар ўртасидаги пара Осиё ўйинлари, шунингдек олимпия спорт турлари бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатлари, халқаро мусобақаларда 500 нафардан ортиқ мамлакатимизнинг оловқалб спортчиларининг иштироки учун зарур шарт-шароитилар яратилди.

Ортда қолаётган 2025 йил давомида дзюдо, таэквондо WТ, қиличбозлик, гимнастика, сузиш, эркин кураш, аёллар кураши, юнон-рум кураши, академик эшкак эшиш ҳамда оғир атлетика бўйича миллий терма жамоа аъзолари Олимпия дастурига киритилган спорт турлари бўйича 20 га яқин жаҳон чемпионатида иштирок этди. Терма жамоамиз вакиллари Осиё ва жаҳон чемпионатларида 500 дан ортиқ медалларни қўлга киритиб, Ўзбекистон спортининг халқаро нуфузини янада юксалтирди.

Миллий спортимиз курашни дунё миқёсида оммалаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Жорий йил ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари ва “Ислом бирдамлиги” ўйинларида кураш мусобақалари ўтказилиши, кўплаб давлатларда халқаро турнирлар ташкил этилиши ортидан жаҳон спорт майдонларида ўзбекона сўзлар жаранглади. Байроғимиздан жило олган кураш яктакларида чемпионлар ва совриндорлар аниқланди. Уларда 1 800 нафардан зиёд спортчи иштирок этди. Бу, курашнинг қитъалар кесимида тобора кенг оммалашаётганидан далолат.

Олимпия ҳаракатининг муҳим йўналишларидан бири –миллионлар ўйини футбол бўйича шуғулланувчилар сони 32 минг 333 нафарга етказилиб, рақобатбардош футболчилар захираси шакллантирилди.

Мазкур саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда. Терма жамоаларимизнинг йирик халқаро ареналардаги иштироки, ўсиб бораётган медаллар сони ва спорт инфратузилмасининг кенгайиши жаҳон спорт харитасида янги Ўзбекистон қиёфасини янада ёрқинроқ намоён этмоқда.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ҳамда уларни профессионал спортга йўналтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. 2025 йил якунларига кўра, спорт таълим муассасаларига қўшимча 58 минг 482 нафар иқтидорли спортчи ёш қабул қилиниб, натижада мунтазам шуғулланувчи ёшлар сони 11,5 фоизга ошди.

Бу жараён сўнгги йилларда спорт таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Мамлакат бўйлаб 300 дан ортиқ спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасалари ташкил этилаётгани жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчилар улуши 30 фоизга етишига замин яратди.

Мавжуд спорт мактабларида аҳоли сони ва ҳудудларнинг ихтисослашувини инобатга олган ҳолда олимпия спорт турлари бўйича 200 дан ортиқ янги спорт секциялари иш бошлади. Жумладан Қорақалпоғистон Республикасида 14 та, Андижон ва Жиззах вилоятларида 16 тадан, Бухоро вилоятида 18 та, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 16 тадан, Навоий вилоятида 13 та, Наманган вилоятида 11 та, Самарқанд вилоятида 9 та, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент шаҳрида 18 тадан, Тошкент вилоятида 17 та, Хоразм вилоятида 12 та янги секциялар йўлга қўйилди.

Ҳудудларда спорт мактаблари негизида замонавий машғулот заллари ва махсус майдончалар барпо этилаётгани, айрим туманларда эса спорт мактаблари реконструкция қилиниб, спорт тури ва гуруҳлар сони кескин оширилаётгани кузатилмоқда. Оммавий спорт мусобақалари орқали эса ёшлар ва аҳоли қатламларини қамраб олиш ҳажми 12 миллион нафарга етказилди.

Ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистонда минглаб иқтидорли ўғил-қизлар учун замонавий спорт инфратузилма яратилишига хизмат қилади ҳамда профессионал мураббийлар мактабига кенг йўл очилаётганини кўрсатмоқда.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА