Давлат бошқарувида самарадорликка эришиш – инсон ресурсларини тўғри бошқаришга боғлиқ

12

Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ташаббуси билан давлат органлари вa ташкилотларининг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари раҳбарлари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Унда ташкилот раҳбарияти, масъуллар, ФАО вакиллари, вазирлик ва идораларнинг HR бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда Бошқарув самарадорлиги агентлиги раҳбарияти давлат бошқарувида самарадорликка эришиш, аввало, инсон ресурсларини тўғри бошқаришга боғлиқлигига алоҳида урғу берди.

HR ходимлари тизимдаги барча ислоҳотларнинг амалдаги ҳаракатлантирувчи кучидир. Улар кадрлар салоҳиятини баҳолаш, тўғри жойлаштириш, рағбатлантириш ва хизмат фаолиятини режали таҳлил қилиш орқали давлат органларида натижага йўналтирилган  бошқарув маданиятини шакллантиради.

Шу маънода, инсон ресурсларини бошқариш соҳасидаги профессионал ёндашув давлат идораларининг стратегик вазифаларини бажариш, фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш вa тизимнинг барқарор  самарадорлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

HR соҳасига инновацион ёндашувларни жорий этиш эса давлат хизматида янги авлод раҳбарларини тайёрлаш ва умумий бошқарув сифатини юқори поғонага олиб чиқишнинг асосий омилидир.

Давлатимиз раҳбарининг “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, соҳадаги зарурати вa аҳамияти, белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда HR мутахассислари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Давлат бошқарувида самарадорлик, проактив бошқарув ва натижага қаратилган ёндашувнинг замонавий тенденциялари муҳокама этилди.

Ўқув-семинар давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, кадрлар билан  ишлаш тизимини такомиллаштириш ва HR жараёнларида ягона мезонларни жорий этишга қаратилди.

Иштирокчилар тезкор қарор қабул қилиш механизмлари, кадрлар сиёсати вa давлат хизматини профессионаллаштиришнинг янги йўналишлари билан танишди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) вакиллари томонидан гендер сиёсатини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига оид халқаро ёндашувлар таҳлил қилинди.

Ушбу тақдимотлар иштирокчиларга глобал ўзгаришлар ва миллий эҳтиёжлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни чуқур таҳлил қилиш имконини берди. Бундан ташқари, чет элда таълим олган мутахассисларни давлат бошқарувига жалб этиш ва уларнинг фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган замонавий механизмлар муҳокама қилинди.

Ўқувнинг амалий қисми сифатида иштирокчилар “Artel” йирик хусусий компаниясида HR амалиёти вa talent management жараёнлари билан танишади. Тошкент шаҳридаги «IT-park»da  замонавий кадрларни бошқариш, ходимларни танлаш ва ишга қабул қилиш, иш унумдорлигини баҳолаш жараёнларини бевосита кузатади.

Н.Абдураимова, Ў.Ҳайитов (сурат), ЎзА