Хосе Антонио Каст Чили президенти этиб сайланди

12

Номзод Хосе Антонио Каст Чилида ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозониб, ҳозирда ҳукмронлик қилаётган марказий сўл ҳукуматни “доғда қолдирди”, деб ёзмоқда “Al Jazeera” нашри.

Таъкидланишича, ушбу сайловнинг иккинчи турида Каст 58 фоиз овоз олган. Унинг асосий рақиби ўлка меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири лавозимида ишлаган Коммунистик партия аъзоси Жанет Хара эса 41,70 фоиз сайловчининг қўлловига эга бўлган.

Сайлов бюллетенлари ҳисоблаб чиқилганидан кўп ўтмай, Хара ва унинг “Чили учун бирлик” коалицияси мағлубиятни тан олди.

Каст сайловолди кампаниясида мамлакатдаги 300 мингдан ортиқ ноқонуний мигрантларни чиқариб юбориш, Чилининг шимолий чегарасини янги тўсиқлар билан мустаҳкамлаш ҳамда ички хавфсизликда армиянинг ролини кенгайтиришни ваъда қилган. Шу билан бирга, у дастлабки 18 ой ичида давлат харажатларини 6 миллиард долларга қисқартиришни таъкидлаган.

– Бу шахсий ютуқ ҳам, партия ютуғи ҳам эмас, бу демократиянинг ғалабаси, – деди Каст ўз нутқида.

Ў.Алимов, ЎзА