Юридик шахсларга атроф-муҳитга етказган зарарига мутаносиб жарималар жорий этилади
Шу йилнинг 9 ойи давомида мамлакатимизда ўрмон хўжаликлари томонидан 200 гектар фойдаланилмаётган ер майдонлари ўзлаштирилиб, ўрмон фондидаги 151,4 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 71,9 минг, Бухоро вилоятида 22,3 минг, Навоий вилоятида 16 минг, Хоразм вилоятида 15 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо қилинган.
Шунингдек, 815,6 минг гектар экин майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Ирригация ва мелиорация соҳаларида муайян ишлар амалга оширилган.
Бу ҳақда парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида айтиб ўтилди. Унда депутатлар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил тўққиз ойидаги ижросини муҳокама қилди. Фракция аъзолари асосий эътиборни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги амалий ишларга қаратди.
Шундан сўнг депутатлар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасидаги нормалар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилишини бартараф этишга қаратилган.
Шунингдек, қонун лойиҳасида юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитга етказилган зарар миқдорига мутаносиб молиявий санкциялар жорий этиш орқали жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган нормалар назарда тутилмоқда.
Экофракция аъзолари ушбу қонун лойиҳаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, инсон саломатлигига салбий таъсир қилувчи омилларни камайтиришга хизмат қилишини қайд этди. Бир қатор таклиф ва тавсиялар берилиб, ҳужжат лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА