Соҳаларга ажратилаётган бюджет маблағлари вақтида ўзлаштирилмаганининг сабаби нимада?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил 9 ойи давомидаги ижроси муҳокама қилинди.
Мазкур ҳисобот ҳақида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов батафсил маълумот берди.
Бюджет ҳисоботида айтилишича, 2025 йилнинг 9 ойида ялпи ички маҳсулот 7,6 фоизга ўcган. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатлар учун Давлат бюджетидан 125,5 трлн. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,6 трлн. сўмга кўп маблағ ажратилган.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида 455 та мактабда таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, бунинг учун давлат бюджетидан 2 триллиондан ортиқ маблағ ажратилган. 95 та тиббиёт муассасаларида таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Аҳолини сув билан таъминлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш мақсадларига ҳамда коммунал ва йўл хўжалиги тизимига маблағлар ажратилиб, муайян ишлар бажарилган.
Муҳокамаларда фракция аъзолари бюджет ижросида самарадорликни ошириш, маблағлардан мақсадли фойдаланиш, шунингдек, йўналтирилган бюджет маблағларини ўз вақтида ўзлаштириш масалаларида бир қатор саволларни кўтарди.
Хусусан, депутат Наримон Умаров бир қатор йўналишларга ажратилган бюджет маблағлари вазирлик ва идоралар томонидан ўз вақтида ўзлаштирилмаганига изоҳ сўради. Депутатнинг айтишича, онкологик касалликлар учун кўзда тутилган маблағларнинг 67 фоизи, маданий меросни сақлаш учун ажратилган маблағларнинг 78 фоизи, музейлар фаолияти учун кўзда тутилган маблағларнинг 47 фоизи, Спорт вазирлигига ажратилган маблағларнинг 13 фоизи, Энергетика вазирлигига йўналтирилган маблағларнинг 63,8 фоизи ўзлаштирилган холос. Депутат тўққиз ой давомида нега бунча кам маблағлар ўзлаштирилганининг сабаби билан қизиқди.
Бунга жавобан иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов айрим ҳолларда соҳалардаги эҳтиёжларни аниқлаш, режалаштиришда муаммолар борлигини, бу борада рақамлаштириш жараёни амалга оширилаётганини маълум қилди. Шунингдек, йил давомида қўшимча топшириқлардан келиб чиқиб, соҳаларга қўшимча маблағлар ажратилаётганини айтиб ўтди.
Фракция аъзолари яна бир қатор саволларни ўртага ташлаб, тегишли жавоблар олди.
Йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА