Янги ғалабаларнинг мустаҳкам пойдевори

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт ҳаракати янги босқичга кўтарилаётганлиги халқаро майдонда эришилаётган муваффақиятларда ўз аксини топмоқда.
Ўтаётган йил давомида юртимиз спортчилари бир қатор комплекс мусобақаларда оламшумул натижаларга эришди. Олимпия ва паралимпия йўналишидаги спорт турларидаги 50 дан зиёд жаҳон ва қитъа чемпионатларида 700 га яқин медаллар шодасини қўлга киритганлиги Ўзбекистон спортининг халқаро нуфузи йилдан йилга юксалиб бораётганлигини кўрсатди.
Куни кеча Бирлашган Араб Амирликларида 35 та давлатнинг 1 минг 312 нафар ёш пара спортчилари иштирокидаги муросасиз баҳсларда матонат ва ирода соҳиби бўлган ҳамюртларимиз 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медалига эгалик қилган ҳолда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаганлиги Янги Ўзбекистон ёшларининг салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида V ёшлар Параосиё ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ёш пара спортчилар ва уларнинг мураббийларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг V ёшлар Параосиё ўйинларида иштирок этган ёш пара спортчиларимизга йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансур Оллоёров ва спорт жамоатчилиги вакиллари ёш пара спортчиларимизнинг эришган муваффақияти 2026 йилги жаҳон ва қитъа чемпионатлари, қолаверса, Параосиё ва Паралимпия ўйинларидаги кўрсаткичларга ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятли эканлигини эътироф этишди.
Шу ўринда яна бир гап. Бундан тўрт йил муқаддам Баҳрайнда ўтган IV ёшлар Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 11 та олтин, 1 та кумуш, 4 та бронза, жами 16 та медал билан умумжамоа ҳисобида 6-ўриндан жой олганди.
Юртимизнинг иродали ёш пара спортчилари 2009 йили Япониянинг Токио шаҳрида ўтган Параосиё ўйинларида илк бор 2 та спорт туридан 11 нафар спортчи билан қатнашиб, 4 та олтин, 3 та кумуш, 1 та бронза медалларига сазовор бўлган ва умум жамоада 13-ўринни эгаллаган.
2013 йил Куала-Лумпур шаҳрида (Малайзия) ўтказилган Ёшлар ўртасидаги II Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 4 та спорт туридан 15 нафар спортчи билан иштирок этиб, 6 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медали ҳолатида 13-поғонани банд этган.
2017 йил Дубай шаҳрида (БАА)да ташкил этилган III Параосиё ўйинлари эса ҳамюртларимиз 3 та спорт туридан 17 нафар спортчи билан қатнашиб, 20 та олтин, 6 та кумуш ва 2 та бронза жамғарган ҳамда 4-ўринни банд этганди.
Тўрт йиллик олимпия даврида пара спорт турларида юртимизнинг ёш пара спортчилари умумий ҳисобда 99 та олтин медаллар шодасига сазовор бўлишида сўзсиз мураббий-мутахассисларнинг машаққатли меҳнати, изланишлари, тўғри кўрсатмалари муҳим омил бўлганлиги сир эмас.
Давлатимиз раҳбарининг табригида таъкидланганидек, бу ғалаба, тарихий натижа минглаб ёшларимизга ғурур ва ифтихор, интилиш ва илҳом манбаи, катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Тўлқин РЎЗИЕВ,
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА мухбирлари