Янги технология амалиётга жорий этилмоқда

Кегейли тумани Жузимбоғ овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Бекзод-Озод» фермер хўжалигида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи суғориш технологияларини кенг жорий этиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири Шуҳрат Тешаев ва бошқалар сўзга чиқиб, қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган замонавий суғориш усулларини, жумладан, қуёш панеллари орқали ишлайдиган «KAVSAR» тизими технологияларини амалиётга жорий этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Иштирокчиларга ушбу технологияларнинг афзалликлари, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишдаги ўрни ва иқтисодий жиҳатдан фойдалилиги бўйича тушунтиришлар берилди.
– Кўргазмали семинар қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, фермерларнинг билим ва тажрибасини ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди, – дейди Чимбой тумани ҳокимининг ўринбосари Ислом Қайипназаров. – Келгусида семинарда айтилган фикрларни туманимиз ҳудудида жойлашган хўжаликларда ҳам қўллаш учун фермерлар ва тадбиркорлар ўртасида тарғибот ишларини олиб борамиз. Чунки «KAVSAR» тизими нафақат электр энергиясини тежайди, балки молиявий жиҳатдан ҳам фойдали экан.

Шунингдек, тадбир давомида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари масъул раҳбарларга ўзларининг фикр ва таклифларини билдириб, билдирилган мурожаатлар бўйича масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди ва уларнинг ижроси алоҳида назоратга олиниши таъкидланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси