Деҳли шаҳрида савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

56

Ҳиндистоннинг етакчи савдо-саноат палаталаридан бири – «PHD Chamber of Commerce and Industry» (PHD CCI) да Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий имкониятларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ҳиндистоннинг 20 дан ортиқ етакчи компаниялари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Бу ҳинд ишбилармон доираларининг мамлакатимиз бозорига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.

Тақдимот давомида дипломатик миссия вакиллари ва Нукусдан ташриф буюрган экспертлар ҳиндистонлик ҳамкорларни Ўзбекистонда хорижий инвестициялар учун қулай муҳит яратаётган босқичма-босқич ислоҳотлар билан батафсил таништирди.

Муҳокамаларнинг марказий мавзуси Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун тақдим этилаётган ноёб имкониятлар бўлди.

Ҳиндистоннинг бизнес ҳамжамияти вакилларига Қорақалпоғистонда хорижий инвесторлар фойдаланиши мумкин бўлган асосий афзалликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикаси учун яратилган имкониятлар, қўшимча солиқ ва божхона имтиёзларини назарда тутувчи махсус ҳуқуқий режим, тайёр инфратузилмага эга махсус иқтисодий зоналар ва саноат паркларида корхоналарни ташкил этиш имкониятлари, ер ижарасининг имтиёзли шартлари ва лойиҳаларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақида сўз юритилди.

Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун истиқболли йўналишлар сифатида тўқимачилик саноати, фармацевтика ва тиббий ускуналар ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари ва аутсорсинг, кимё саноати, «яшил» энергетика ва туризм соҳалари белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги