“Бестселлер” замонида адабиётнинг ҳақиқий қиёфаси қандай?!

Китоб – инсон тафаккурини шакллантирувчи, унинг маънавий оламини бойитувчи ва дунёқарашини кенгайтирувчи энг кучли воситалардан бири. У шунчаки ахборот манбаи эмас, балки инсон руҳияти, ахлоқи ва маданиятини тарбиялайдиган беқиёс мактабдир. Бироқ ҳар қандай китоб ҳам бу вазифани бажаравермайди. Тўғри танланмаган асар, аксинча, китобхон дидининг саёзлашишига, адабиётга бўлган муносабатининг юзаки тус олишига олиб келиши мумкин. Бугунги кунда адабиёт оламида кузатилаётган оммабопликка интилиш, “бестселлер” тушунчасининг мутлақлаштирилиши ушбу муаммони янада долзарб этмоқда.
Адабиёт тарихига назар ташласак, ҳар бир давр ўзининг буюк ижодкорлари ва асарлари билан ёдда қолганини кўрамиз. Алишер Навоий ғазаллари билан инсон қалбининг энг нозик қатламларини очиб берди, Бобур “Бобурнома” орқали тарих, шахс ва тафаккур уйғунлигини яратди. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и миллат тақдирини бадиий тафаккур даражасига кўтарган бўлса, Фёдор Достоевский “Телба” асарида инсон руҳияти ва жамият зиддиятларини чуқур таҳлил қилди. Бу асарлар вақт элагидан ўтиб, бугун ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Чунки улар модага эмас, инсониятнинг бадиий тафаккурини юксалтиришга хизмат қилган.

Бугунги адабий жараёнда эса бошқа бир ҳолат кўзга ташланади. Кўпинча асарларнинг бадиий-эстетик қийматидан кўра уларнинг бозордаги ўрни, сотилиш даражаси устувор бўлиб қолмоқда. Китоб пештахталарини мотивацион шиорлар, қисқа афоризмлар ва тез ўқиладиган, аммо тез унутиладиган асарлар эгаллаб бормоқда. Албатта, бундай китобларнинг ҳам қайсидир маънода ўз ўрни бор. Аммо улар адабиётнинг ягона мезонига айланиб қолса, бу жиддий муаммо.
Таассуфки, айрим ёзувчилар ҳам замон талабини баҳона қилиб, ўз ички позицияси ва бадиий масъулиятини четга сураётгандек. “Ҳозир ўқувчи нимани хоҳласа, шуни ёзиш” тамойили адабиётнинг ички қонуниятларига зид келади. Чунки адабиёт фақат талабни қондириш эмас, балки дидни тарбиялаш, фикрлашга ундаш, савол қўйиш ва жавоб излаш жараёнидир. Агар ёзувчи фақат оммабопликни кўзласа, у ҳолда адабиёт санъат даражасидан, оддий “маҳсулот”га айланиб қолади.
Таржима адабиётида ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда. Асар танлашда бадиий қийматдан кўра молиявий манфаат устун қўйилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Натижада, жаҳон адабиётининг энг юксак намуналари эмас, балки тез сотиладиган, сарлавҳаси жозибадор асарлар таржима қилинмоқда. Бу эса ёш китобхонларда адабиёт ҳақида нотўғри тасаввур шаклланишига сабаб бўлиши мумкин.
Энг хавотирли жиҳат шундаки, эндигина адабиёт оламига қадам қўяётган китобхонлар шундай “бестселлер” асарларни ҳақиқий адабиёт деб қабул қилиб, унинг чуқур маънавий қудратини ҳис этмаслиги эҳтимоли бор. Адабиётнинг юздан бир қисми ҳам сезилмайдиган бундай асарлар катта адабий мактаб ўрнини боса олмайди.
Шу билан бирга, бугунги ижодий муҳитни фақат салбий рангларда кўрсатиш ҳам адолатдан эмас. Ҳозир ҳам чуқур тафаккур, бадиий изланиш ва масъулият билан яратилаётган қийматли асарлар мавжуд. Фақат уларни кўриш, тарғиб қилиш ва жамоатчиликка етказишни кенг тарғиб қилиш лозим.
Адабиёт шунчаки ўткинчи машҳурлик эмас, балки абадий маънавий меросдир. У инсонни ўйлашга, ўзини ва жамиятни англашга мажбур қилиши билан қадрли. Шунинг учун ҳам ҳақиқий адабиёт оммабоплик мезонлари билан эмас, вақт синови билан баҳоланади. Бизнинг вазифамиз китобхон сифатида ҳам, зиёли сифатида ҳам бадиий қиймати юксак асарларни танлаш, тарғиб этиш ва адабиётнинг асл моҳиятини асраб қолишдир. Фақат шундагина келажак авлод адабиётни шунчаки ўйинчоқ ёки мотивацион восита эмас, балки инсон руҳини юксалтирувчи буюк санъат сифатида қабул қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА