Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича аҳолининг тушунчаси оширилмоқда

83

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасида «Фуқароларнинг ёнғин ва фавқулодда вазиятлардан, ҳаво-газ аралашмасининг портлашидан, заҳарли газдан зарарланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар» ва «Коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш» мавзусида матбуот анжумани ва «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.

Тадбирда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари, соҳа мутасаддилари ва ёшлар иштирок этди.

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги» ва «Аксилкоррупция ойлиги» доирасида ташкил этилган тадбир давомида мавсумга кўрилган тайёргарлик ишлари, фуқароларни ёнғин ва фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, ис газидан зарарланишнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, тизимда коррупциявий ҳолатларининг олдини олиш масаласига эътибор қаратилди.

Конференция давомида Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Б.Оразбаев, бўлим бошлиқлари, майор А.Абдирахманов, капитан А.Юсупов, капитан Б.Султаниязов ва бошқалар журналистлар билан ёшларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди.

Бундан ташқари, иштирокчилар қутқарувчиларнинг махсус асбоб-ускуналари, уларнинг амалий машғулотлари ва ёнғин-қутқарув техникалари билан ҳам яқиндан танишди.

Фавқулодда вазиятларда хабардор қилиш тартиблари ҳамда ёнғин ўчириш ва қутқарув ишларини олиб бориш учун мўлжалланган махсус техникалар ва асбоб-анжомларнинг техник хусусиятлари тушунтириб берилди ҳамда соҳага оид тарғибот материаллари улашилди.

Ёшлар махсус техника ва асбоб-анжомлардан фойдаланиб кўришди. Шунингдек, тадбир доирасида ёшларга контракт асосида ҳарбий хизматга қабул қилиш тартиби, уларга қўйиладиган умумий талаблар ҳақида ҳам маълумот берилиб, соҳага оид тайёрланган тақдимотлар ва видеороликлар намойиш этилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги