Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон тараққиётининг ғоявий пойдевори

65

Муносабат

Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, айниқса, маънавий-маърифий жабҳада кечаётган кенг қамровли янгиланишлар халқаро майдонда юксак эътирофга сазовор бўлмоқда. Ўзбекистондаги ўзгаришлар фақат иқтисодий ислоҳотлар билан чекланибгина қолмай, балки жамиятнинг маънавий ва халқ тафаккурининг юксалишига асосланган стратегияни ҳам ўзида мужассам этмоқда. Покистонлик журналист ва ёзувчи Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти” номли китоби Янги Ўзбекистон тараққиётининг ғоявий, маънавий ва амалий асосларини очиб берувчи муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Асарда мамлакатимиз тарихидаги буюк уйғониш даврлари — Биринчи ва Иккинчи Ренессанс мероси таҳлил қилиниб, улар асосида Учинчи Ренессанс ғоясининг мазмун-моҳияти чуқур ёритилган. Китоб ўқувчини нафақат тарихий мулоҳазага, балки келажак ҳақида фаол фикр юритишга ундайди. Асарда Учинчи Ренессанс ғояси Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги стратегик мақсад сифатида талқин қилинади.

Муаллиф таъкидлаганидек, бу жараён фақат иқтисодий ўсиш ёки техник тараққиёт билан чекланмайди, балки инсон капиталини ривожлантириш, маънавий юксалиш ва интеллектуал салоҳиятни оширишни ўз ичига олади. Айниқса, илм-фан, таълим ва инновацияларнинг устувор аҳамиятга эга экани китобнинг асосий ғояларидан бири сифатида намоён бўлади. Муаллиф асарда Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлари тизимли ва узвий ҳолда ривожланаётганини алоҳида қайд этади. Бу жараёнлар тинчлик, маърифат, мулоқот, ҳамкорлик ва тараққиёт каби қадриятларга таянган ҳолда жамиятни янгилаш, фикр эркинлигини кенгайтириш ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилаётганини билдиради. Халқаро ҳамжамият кузатувида Ўзбекистоннинг очиқликка интилиши, минтақавий ва глобал ҳамкорликдаги фаол позицияси, тизимли ва концептуал ислоҳотлари юқори баҳоланаётганига эътибор қаратади. Китобда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани унинг долзарблигини янада оширади. Ёш авлод Учинчи Ренессанснинг асосий бунёдкори сифатида кўрсатилиб, уларнинг билим олиши, мустақил фикрлаши ва ватанпарварлик руҳида тарбияланиши тараққиётнинг муҳим шарти экани асослаб берилган. Бу эса ҳар бир ўқувчини ўз олдига катта мақсадлар қўйишга ундайди. Шунингдек, асарда миллий қадриятлар ва замонавий тараққиёт уйғунлиги масаласи чуқур ёритилган.

Муаллиф миллий меросни асраб-авайлаш билан бирга, уни замон талаблари асосида ривожлантириш зарурлигини таъкидлайди. Бу ёндашув Учинчи Ренессанс ғоясининг мустаҳкам маънавий пойдеворга таянишига хизмат қилади. Бугунги ютуқлар замирида давлат раҳбарининг қатъий иродаси, узоқни кўзлаган стратегик қарашлари ва ислоҳотларга содиқлиги билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллиги, халқимизнинг бирдамлиги тургани, эртамиз учун масъулият ва тараққиётга бўлган ишонч мамлакатимиз ривожланишининг ҳар бир босқичида асосий омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлайди.

Мухтасар  қилиб айтганда, «Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти» китоби жамиятда янгича тафаккурни шакллантириш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва келажакка ишонч руҳини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу асар ҳар бир ватандошни мамлакат тараққиётига дахлдор эканини англашга, ўз билим ва салоҳияти билан Учинчи Ренессанс бунёдига ҳисса қўшишга чорлайди.

 

Гулжан  Халмуратова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,  ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги