Бошқа давлатда тузилган никоҳ Ўзбекистонда бекор қилинса бўладими?

Ҳуқуқий муносабат
Россия фуқароси ва Ўзбекистон фуқароси Туркияда никоҳдан ўтишди. Никоҳ Ўзбекистонда бекор қилинаётганда эр-хотиннинг мулкини бўлиш масаласига қайси ҳуқуқ қўлланилиши керак?
Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагича тушунча берди.
–Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 235-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида, бошқа давлат ҳудудида ўша давлатнинг қонунчилигига риоя қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида тузилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида тузилган никоҳлар, агар ушбу Кодекснинг 16-моддасида назарда тутилган никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар бўлмаса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.
Жумладан, Оила кодексининг 16-моддасида никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар белгилаб қўйилган бўлиб, никоҳ тузишга лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида йўл қўйилмайди.
Шунингдек, лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида ҳам йўл қўйилмайди.
Демак, агар юқоридаги 16-моддада белгилаб қўйилган никоҳга монелик қилувчи ҳолатлар бўлмаса, Туркияда тузилган никоҳ ҳақиқий деб эътироф этилади.
Шу билан биргаликда, кодекснинг 236-моддаси 2-қисмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаб турган эри (хотини) билан тузилган никоҳдан, мазкур шахс қайси давлат фуқароси эканидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси судида ажралишга ҳақли.
Эндиликда, асосий масала никоҳ бекор қилинаётганда эр-хотин мулкини бўлишда қайси қонунчилик қўлланилиши бўлиб, Оила кодексининг 236-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги, шунингдек чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳдан ажратиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Демак, иш Ўзбекистон Республикаси судларида кўриб чиқилаётган бўлса, никоҳдан ажратиш ва эр-хотин мулкини бўлиш масаласи ҳам Ўзбекистон қонунчилигига кўра амалга оширилади, гарчи улардан бири Россия фуқароси бўлиб, никоҳ Туркияда тузилган бўлса ҳам.
Гулноза Бобоева, ЎзА