Жузимбоғда сервис компанияси очилди

24

Кегейли тумани Жузимбоғ овул фуқаролар йиғини ҳудудида «Маҳалла сервис компанияси»нинг янги биноси қуриб битказилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Сервис компаниясининг очилиш маросимида Кегейли тумани ҳокими А.Камалов ва Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Турманов иштирок этиб, йиғилганларни ушбу муҳим воқеа билан табриклади.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан маҳалла сервис компанияларини ривожлантириш орқали жойларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни тезкор ҳал этиш ва шу орқали аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш зарурлиги таъкидланди.

– Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 июндаги «Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилди, – дейди Жузимбоғ овул фуқаролар йиғини раиси Азизбек Қудайназаров. – Янги ташкил этилаётган ушбу сервис компанияси ҳудудимизда яшовчи 1032 та хонадонга 11 турдаги хизматларни кўрсатади. Хусусан, уйларнинг ичи ва ташқарисини сувоқ қилиш, бўяш, пайвандлаш, сантехника, ерларни шудгорлаш, дарахтларни кесиш ва буташ, ўтларни ўриш ва бошқа хизматларни кўрсатади. Албатта, бу ҳудуд аҳолисининг муаммоларини енгиллаштириш билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлашда жуда муҳим бўлди.

Сўнгра тадбир иштирокчилари янги сервис компаниясининг ички имкониятлари билан яқиндан танишиб, ундаги яратилган шароитларни юқори баҳолади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси