“Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” китоби: Ватанимиздаги янгиланишларга холис назар

2

Мана тўққиз йилдирки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда олиб борилаётган шиддатли янгиланиш жараёнлари, айниқса, маънавий-маърифий жабҳалардаги ислоҳотлар жаҳон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотиб, юксак эътироф этилмоқда.

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида покистонлик ёзувчи, журналист Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли китоби тақдимотида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Ушбу тақдимот тадбирида Покистон Ислом Республикаси ҳукумати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт соҳаси намояндалари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов кейинги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида амалга оширилаётган туб ижобий ўзгаришлар, айниқса маънавий-маърифий жабҳалардаги янгиланиш жараёнлари, уларнинг наинки Ватанимиз, балки минтақа ривожига кўрсатаётган ижобий таъсири, янги Ўзбекистоннинг шиддатли тараққиёт одимлари халқаро миқёсда алоҳида ҳурмат ва эътибор қозонаётгани хусусида батафсил сўз юритди. Бу ўзгаришлар Ўзбекистонга унинг ўз фарзандидек муносабатда бўлган покистонлик журналист ва адиб Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли китобида жуда самимий, реал, холис, ҳаққоний тарзда ўз аксини топгани диққатга сазовор.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Азамат Зиё,  Покистон Ислом Республикаси Президентининг Матбуот котиби ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси Муртазо Соланги, Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо ва саноат масалалари бўйича координатори Рана Ихсаан Афзал Хон, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарук Аҳмад, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли китоби хусусида батафсил сўз юритди.

Ушбу китоб 2025 йилда урду тилида покистонлик журналист ва ёзувчи томонидан бадиий-публицистика жанрида ёзилган.

Муҳаммад Аббос Хон Покистон Ислом Республикасининг “Daily Ittehad” газетаси Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларидаги махсус мухбиридир. Муаллифнинг таъкидлашича, асарда жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси маърифат, тинчлик ва мулоқот каби қадриятларга асосланган буюк ўзгаришлар лойиҳаси экани кўрсатиб берилган. У, шунингдек, инсониятни ҳамкорликка чорлаш, тинчлик ва мулоқот каби қадриятларга асосланган буюк ўзгаришлар лойиҳаси, вақт измига бўйсунмас абадий ғоялардан бири сифатида талқин этилган.

Ушбу асарга Покистон Бош вазири жаноб Муҳаммад Шаҳбоз Шариф сўз боши ёзиб, китоб “башарият тамаддунининг келажакдаги ривожини теран англаб олишга қаратилган изланиш ва мушоҳадаларни ўзида мужассам этган асар” эканини таъкидлайди. “Мазкур китоб қадрдон дўстим, Жаноби Олийлари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ташаббусини, унинг ғоявий концепциясини чуқурроқ англашга ёрдам беради. Ўзбек халқининг буюк аждодлари маънавий меросига таянадиган бу улуғвор ғоя бутун башариятнинг фаровон келажагига хизмат қилиши шубҳасиздир” – деб кўрсатиб ўтади.

Покистон Бош вазири Ўзбекистон тажрибаси Покистонни ҳам келгусида буюк янгиланишларга, хайрли интилишларга илҳомлантириши, китоб шак-шубҳасиз, башарият келажаги, маърифатнинг қадр-қиммати ва янги бутунжаҳон гуманизмини шакллантиришда Шарқнинг тутган муҳим ўрнини янада яққол намоён этиб, истиқболдаги улуғ режаларга ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдиради.

Бу Покистон давлати ва халқининг Президентимизнинг ғоялари ва халқлар ўртасида ҳамкорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган глобал миқёсдаги қатор ташаббусларининг ҳам юксак эътирофи.

Қайд этиш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Хайрли иш яхши ниятдан бошланади”, деган сўзлари, муаллиф томонидан “чин маънодаги ўзгаришлар инсоннинг эзгулик ва адолатга хизмат қилиш истагидан бошланади”, деб талқин этилган ҳамда китобнинг фалсафий асосини ташкил этган.

Мазкур асарда давлатимиз раҳбарининг инсонпарварликка асосланган янгича тафаккури акс эттирилган. “Менинг назаримда, – деб ёзади Муҳаммад Аббос Хон ўз асарида, – инсоният тарихида давлат ёки империянинг мавжудлигидан ҳам барқарорроқ нарса — бор. Бу — буюк ғоялар. Улар тарихнинг йўналишини ўзгартириб, келажакни шакллантира оладиган қудратли куч ҳам ҳисобланади. Ана шундай ғоялардан бири – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ғояси, деб биламан. Зеро, Учинчи Ренессанс ғояси – вақт измига бўйсунмас абадий ғоядир. Менинг наздимда мазкур ғоя инсон тафаккурининг бемисл уммонига қуйилувчи қудратли дарёга ўхшайди. Фикримча, бу ғоя нафақат Ўзбекистон келажаги учун асос, балки янги, янада уйғун ва самарали дунёни шакллантиришнинг инновацион модели ҳамдир”.

Мазкур китоб ўқувчини теран мулоҳазага чорлайди — унда давлатимиз раҳбарининг “тарих девор эмас, балки кўприкка, келажак эса рақобат эмас, балки ҳамкорлик майдонига айланади”, деган фикрлари аниқ мисоллар ва ҳаётий воқеалар орқали ифода этилган.

Асарда, жумладан, Ўзбекистон миллий давлатчилик ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига оид қатор мисоллар келтирилади.

Асарнинг илк тақдимоти жорий йил октябрь ойида Исломободда бўлиб ўтди. Тадбирда Покистон Ислом Республикаси Президенти администрацияси ва Ҳукумати аъзолари, таниқли сиёсатшунос ва олимлари, таҳлилчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли ушбу асар, шубҳасиз, нафақат ўзаро тушуниш манбаси, балки Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқур англаш калити бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Покистонлик сиёсатчи ва илмий экспертларнинг фикрича, ёзувчи Муҳаммад Аббос Хон томонидан ёзилган ушбу асар ва унда кўтарилган фикр ва талқинлар нафақат Покистонда, балки Европа ва бошқа мамлакатларда ҳам юқори баҳоланмоқда.

Ҳозирда “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” китоби ўзбек тилида ҳам нашр этилди.

—Мен кўп йиллардан буён Ўзбекистонда яшайман, — деди покистонлик адиб ва журналист Муҳаммад Аббос Хон. – Унинг халқи билан доимий мулоқотдаман. Бу юртда кечаётган шиддатли ислоҳотлар мени жуда илҳомлантиради. Ўзбекистонда улкан ижобий ўзгариш кечаяпти ва улар ўзининг натижасини кўрсатмоқда. Бу ислоҳотлар наинки Ўзбекистон, балки хорижда ҳам эътироф этилмоқда.

Тақдимот тадбирида Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” китоби, сўнгги йилларда Ўзбекистонда кечаётган буюк ўзгаришлар, ҳаётда ўз ифодасини топаётган эзгу ғоя ва ташаббуслар, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тарихий дўстлик алоқалари хусусида батафсил сўз юритилди.

Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов иштирок этди.

Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров,

Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари