Ҳадя шартномаси учун нотариал идорага қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, 502-моддасига кўра, ҳадя шартномаси — бу бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тарафга (ҳадя олувчи) ашёни текинга мулк қилиб берадиган ёки бериш мажбуриятини оладиган битимдир.

Ҳадя шартномаси хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагиларни маълум қилди:
– Ҳадя шартномасини нотариал идорада расмийлаштириш учун ҳадя қилувчи ва ҳадя олувчининг паспорти ёки ID-карта тақдим этилади.
Шунингдек, Ҳадя қилинаётган мулкни тасдиқловчи мулк ҳуқуқи гувоҳномаси ёки кадастр ҳужжати, Кадастр маълумотномаси (кўчмас мулк учун), зарурат бўлса турмуш ўртоғининг ёки ҳаммулкдорларнинг розилиги ҳақидаги ҳужжат керак бўлади.

Васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги (агар муомала лаёқати чекланган шахс иштирок этса), агар битим вакил орқали амалга оширилса, ишончнома тақдим этиш лозим бўлади.
Ҳадя шартномаси бепул асосда тузилади. Агар ашё ёки ҳуқуқ эвазига бирор тўлов ёки нарса олинадиган бўлса — бу битим ҳадя деб тан олинмайди.
Асос: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, 31-боб, 502–516-моддалар. Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги қонуни, 343-И (26.12.1996-йил). Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 январдаги 3113-сон қарори — “Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом».
Гулноза Бобоева, ЎзА