Пластик чиқиндиларнинг экологияга таъсири: олимлар шошилинч чоралар кўришга чақирмоқда

8

2040 йилга келиб глобал миқёсда пластик чиқиндилар ҳажми йилига 280 миллион тоннага етиши мумкин, деб ёзмоқда “The Guardian” нашри.

Экологлар фикрича, ўсиб бораётган муаммонинг асосий сабаби – қадоқлаш саноатидир. Жорий йилда пластик қадоқлаш (плёнкалар, сумкалар, шишалар ва идишлар) барча глобал пластик чиқиндиларнинг 33 фоизини ташкил этган.

Тадқиқотларга кўра, 2040 йилга келиб тизимли ўзгаришлар билан пластик ифлосланишни 97 фоизга камайтириш мумкин. Қайд этиш керак, пластмасса атроф-муҳитга зарар етказишдан ташқари, соғлиқ учун ҳам хавф туғдиради. Унинг таркибида 16 мингдан ортиқ кимёвий моддалар, шунингдек, кўплаб ифлослантирувчи моддалар мавжуд. Таҳлиллар буларни гормонал бузилишлар, туғилишнинг пасайиши, болаларда когнитив бузилишлар, диабет ва юрак-қон томир касалликлари ва саратон хавфининг ортиши билан боғлайди.

Яна бир ташвишли жиҳат шуки – бу пластик ишлаб чиқаришнинг иқлимга таъсири. Ушбу тизимдан чиқадиган йиллик иссиқхона газлари чиқиндилари 2025 йилда 2,7 ГтCО₂ эквивалентини ташкил этган бўлса, 2040 йилга келиб улар 58фоизга ошиб, 4,2 ГтCО₂ эквивалентига етиши мумкин.

– Ҳали ҳам умид бор, жаҳон ҳамжамияти пластикни қайта ишлаш тизимини қайта лойиҳалаши ва ифлосланиш муаммосини бир авлод ичида ҳал қилиши мумкин, – дейди “Pew Charitable Trusts” хайрия жамғармаси вакили Том Диллон. – Аммо бунинг учун қарорларда инсоният ва сайёра манфаатларини биринчи ўринга қўйиш керак.

Гўзал Сатторова, ЎзА