Қорауй қуриш санъатини авлоддан-авлодга етказиб келаётган чимбойлик уста

Барчамизга маълум, жорий йилнинг 8-13 декабрь кунлари Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳрида ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессияси ўтказилмоқда.
Ушбу сессия республикамиз аҳолиси учун муҳим воқеаларга бой бўлиб, халқимизнинг бунёдкорлик маданияти, уй-жой қурилиши ва меъморчилик билимларини ўзида мужассам этган Қорауй (ўтов) ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси РЕПРЕСЕНТАТИВ рўйхатига, «Қўбиз ясаш ва ижрочилик санъати» эса ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни фаол муҳофаза қилиш рўйхатига киритилди.
«Қирғиз, Қозоқ ва Қорақалпоқ ўтовларини қуришга оид анъанавий билим ва кўникмалар» ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросининг РЕПРЕСЕНТАТИВ рўйхатига киритилгани бутун халқимизни, айниқса уйсоз усталаримизни жуда хурсанд қилди.
Қорауй қорақалпоқ халқининг ижодий маданияти, уй-жой қурилиши ва меъморчилик билимлари жамланган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маданий мероси эканлигини таъкидлашимиз керак. Қорауй 6, 8, 12 қанотли бўлиб, бошқа халқларнинг ўтовларидан ажралиб туради.
Бундай муваффақиятларда урф-одат ва анъаналаримизни, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган ҳунармандчилик санъатини асраб-авайлаб, авлоддан-авлодга етказиб келаётган усталаримизнинг ўрни алоҳида.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Чимбой туманида бир неча йилдан бери қорауй ясаш касби билан шуғулланиб келаётган якка тадбиркор Нурман Исмайловнинг ишларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида ҳунарманднинг ишлари, ютуқлари бўйича маълумотлар берилди.
Ўттиз йилдан буён «Ҳунарманд» уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими аъзоси бўлиб келаётган Н.Исмоилов миллий анъаналаримизга амал қилган ҳолда, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган юксак ҳунар – қорауй тайёрлаш санъатини муносиб давом эттириб келмоқда.
У ўз фаолиятини 1990 йили отаси, қорауй қуриш бўйича машҳур ҳунарманд Жанабай Исмайловнинг шогирди сифатида бошлаган. Уста отасининг меҳнатсеварлиги, моҳирлиги ва санъатга бўлган садоқатини ўзига намуна қилиб, 1994 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркор (ҳунарманд) сифатида иш бошлаб, бугунги кунга қадар у қорауй қуриш сирларини республикамиздаги иқтидорли шогирдларига ўргатиб келмоқда.
Н.Исмоиловнинг қурган қорауйлари хорижлик санъат ихлосмандлари томонидан ҳам юқори баҳоланиб, дунё бўйлаб кенг эътироф этилмоқда. У ҳар бир ишида миллий анъана, бадиий безак, мукаммал шакл ва кўринишларни уйғунлаштирган ҳолда, юртимизнинг қадимий қўл меҳнати анъаналарини асраб-авайлаб, уларни кейинги авлодга етказишни ўзининг ҳаётий вазифаси, деб билади.
Н.Исмоилов ҳар йили «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси сифатида тайёрлаган қора уйлари билан республика миқёсидаги йирик тадбирларда – «Наврўз», «Мустақиллик» байрамларида, ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаларида ва халқаро танловларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Унинг меҳнати муносиб баҳоланиб, бир қатор мукофотларга сазовор бўлган. «Ташаббус-2002» ва «Ташаббус-2008» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида «Энг яхши ҳунарманд» йўналиши ғолиби, «Ташаббус-2015» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида эса 2-ўринни эгаллаган. Шунингдек, 2008 йилда Москва шаҳрида ўтказилган халқаро танловда, 2015 йилда Тошкент шаҳридаги танловда, 2024 йилда Қозоғистон Республикасида ўтказилган халқаро танловда иштирок этган.

Н.Исмоилов намунали оила бошлиғи, фидойи ва тинимсиз изланувчан моҳир устоз сифатида қишлоқ аҳли ва меҳнат жамоаси ўртасида катта ҳурматга сазовор. Унинг меҳрибонлиги, инсонпарварлиги, санъатга садоқати ва халқ амалий санъатини асраб-авайлашдаги ҳиссаси юксак қадрланади.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
М.Ҳабибуллаев олган тасвирлар