Парагвай Президенти илғор инновацион имкониятларга эга Олимпия шаҳарчаси билан танишди

Пойтахтимизда бунёд этилган Олимпия шаҳарчаси халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқларига асос бўлади.
Мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пенья 12 декабрь куни меъморий жиҳатдан мукаммал, жаҳон стандартларига мос энг илғор инновацион ечимларни ўзида мужассам қилган Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов ва Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамроҳлик қилди.
Дарҳақиқат, бугун ушбу мажмуа Янги Ўзбекистоннинг имкониятларини нафақат Осиё, балки бутун дунёга кўрсатмоқда. 2022 йил 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шаҳарча қурилишига тамал тошини қўйган эди. Умумий майдони 100 гектардан зиёд бўлган мажмуада енгил атлетика ва футболга ихтисослашган стадион, турли спорт мусобақаларига мўлжалланган ёпиқ ва очиқ иншоотлар барпо этилди.
Шаҳарча ичига қуёш панеллари ўрнатилди ва улар мажмуа майдонини электр энергияси билан таъминлайди. Электр автомобилларни қувватлаш учун ҳам бекатлар ташкил этилди.
Бу ерда велопойгалар, стол тенниси, қиличбозлик бўйича мусобақа ва машғулотлар ўтказиш имкониятлари яратилди. 12 минг ўринли стадионда яшил майдон ва 9 қаторли югуриш йўлагида енгил атлетиканинг 48 та йўналиши бўйича мусобақа ва тантанали маросимлар ўтказиш мумкин.
Сув спорти саройида сузиш ва сувга сакраш ҳавзалари, бассейн ва тренажёр заллари мавжуд. Жамоавий спорт мажмуасида эса волейбол, баскетбол ва гандбол бўйича машғулот ва халқаро мусобақаларни ўтказиш мумкин. Яккакурашлар мажмуаси дзюдо, бокс, таэквондо каби спорт турларини ривожлантиришга асос бўлади.
Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пенья Олимпия шаҳарчасида яратилган шароитлар билан танишар экан, мамлакатимизда спортга бўлган эътиборнинг нақадар юксак эканлигига чин маънода амин бўлди.
Дунё спорт саҳнасида Ўзбекистон байроғининг юксалиб бораётганига сабаб бўлаётган имкониятларнинг асоси нималарда эканига эътибор қаратиб, Ўзбекистон ёшлари бундай эътиборга муносиб бўлиб бораверишини таъкидлади.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА