Парагвай Президенти Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди

6

Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пенья расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Олий мартабали меҳмон 12 декабрь куни “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.

Улуғ ва хайрли мақсадлар йўлида эзгу амаллари билан юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган аждодларимиз сиймосига бугун дунё аҳли эҳтиром кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз ўтмиши ва келажагига ишонч тимсоли бўлган Мустақиллик монументи ушбу заминда маънавиятнинг гултожи бўлган камолот соҳиблари етишганидан далолат бериб турибди.

Парагвай Президенти Сантьяго Пенья Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўяр экан, Ватан озодлиги, эл фаровонлигининг ёрқин ифодаси сифатида мағрур қад ростлаган мажмуа қошида рамзий бош эгиб эҳтиром кўрсатди.

Юртимиз тарихи, дунё тамаддунига ҳисса қўшган боболаримиз маърифати ҳақида маълумотларга эга бўлди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда бошқа расмийлар иштирок этди.

Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,

Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),

ЎзА