Коррупция – тараққиётга тўсиқ: масъуллар иштирокида амалий мулоқат
Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида коррупцияга қарши курашиш ойлиги доирасида вазирлик ва идоралар ходимлари иштирокида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи Б.Матмуратов, шунингдек, соҳага алоқадор мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади – давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини, уларнинг жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, ходимларга коррупцияга қарши курашишда муросасиз позицияда бўлиш, ҳалолликни касбий фаолиятнинг асосий мезони сифатида кўриш зарурлиги, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмларини амалиётга жорий этишдан иборат. «Очиқ эшиклар куни» ходимлар ўртасида коррупцияга муросасиз муносабатни кучайтириш, ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш ва профилактик тадбирларни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Тадбир давомида иштирокчиларга коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган устувор йўналишлар, давлат идораларида ҳалоллик стандартларини жорий этиш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ва очиқ маълумотлар билан ишлаш жараёнлари бўйича соҳа мутахассислари томонидан батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунида асосий тушунчалар берилган бўлиб, унда коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат даражасидан шахсий манфаатлари ёхуд бошқа шахсларнинг манфаатлари йўлида моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши, деб кўрсатилган. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция белгилари бўлган, қилмиши учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш, манфаатлар тўқнашуви эса – шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаати унинг ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаат билан фуқаролар, ташкилотлар, жамият ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви) ҳолат, деб таърифланган.
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 июндаги «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 25 октябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2023 йил 1 июнда маъқулланган. Ушбу Қонуннинг мақсади манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда коррупциянинг олдини олишга доир қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатлари тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, мазкур фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг 2025 йил 5 мартда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва амалий чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига ушбу фармон ва унга иловаларда белгиланган вазифаларнинг сифатли, ўз вақтида ва сўзсиз бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан жавоблар олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги