Марказий Осиё ва Озарбайжон аёлларининг адолатга тенг киришини таъминлаш бўйича юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Кадирханова Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида аёллар ва қизларнинг адолатга тенг киришини таъминлаш масаласига бағишланган юқори даражадаги учрашувда иштирок этди.
Тадбир 2026 йилда ўтказиладиган Аёллар мақоми бўйича комиссиянинг 70-сессиясига ҳудудий тайёргарлик жараёнининг муҳим босқичи бўлди.
Учрашув Ўзбекистон ҳукумати ҳамда “БМТ-аёллар” тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича Минтақавий офиси ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон делегациялари иштирок этди.
Учрашувда сенатор мамлакатимизда аёллар ва қизларнинг адолатга кириш имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, илғор тажриба ва натижалар ҳақида маълумот берди.
Тадбир иштирокчилари аёллар ва қизларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, адолатга мурожаат қилишдаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, дискриминацияга қарши самарали механизмларни жорий этиш, зўравонликдан жабрланганларга кўмак кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида иштирокчи мамлакатлар аёллар ва қизлар учун адолатга тенг имкониятларни таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиqlовчи Қўшма баёнот қабул қилинди.