Жаҳон чемпионати: боксчиларимиз қандай натижаларга эришмоқда?

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги IBA яъни Халқаро бокс ассоциацияси томонидан ўтказилаётган Жаҳон чемпионатида кеча ярим финал жанглари бўлиб ўтди.
13 вазн тоифаси бўйича ўтказилган беллашувларнинг тўққизтасида мамлакатимиз боксчилари финал йўлланмаси учун рингга чиқиши керак бўлса, 75 кгда иштирок этаётган Фазлиддин Эркинбоев қўлидан олган жароҳати туфайли, ғалаба унинг рақиби қозоғистонлик Собиржон Аккаликовга насиб этди.
60 кг вазнда иштирок этаётган Абдумалик Халоков, 67 кгда Асадхўжа Мўйдинхўжаев, 51 кгда Ҳасанбой Дўсматов, 80 кгда Жавоҳир Умматалиев, 92 кгда Тўрабек Ҳабибуллаев, +92 кгда Арман Маханов ўз рақибларини ажойиб тарзда енгиб, жаҳон чемпионатининг финалига йўл олди.
54 ва 57 кг вазнда рингга чиққан Асилбек Жалилов ва Хўжаназар Нортожиевларга бу сафар омад кулиб боқмади ва Фазлиддин Эркинбоев каби чемпионатнинг бронза медали билан бирга 75 минг доллар билан тақдирланди.
Маълумот учун айтиб ўтишимиз керак, IBA томонидан ўтказилаётган ушбу жаҳон чемпионатида чемпион 300 минг, кумуш медаль соҳиби 150 минг, 3-ўрин ғолиблари 75 минг ва 5-ўринни олган боксчилар 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Чемпионатнинг финал жанглари 13 декабрь куни бўлиб ўтади ва унда Ўзбекистон терма жамоасининг 6 нафар боксчиси ғолиблик учун кураш олиб боради.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси