Корея университети билан шартнома тузилди

54

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Корея Республикасининг нуфузли олий ўқув юртларидан бири – Far East университети делегацияси иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур учрашув университетлар ўртасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва академик алмашинув йўналишларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, томонларнинг янги босқичдаги мулоқотларига йўл очди.

Far East университети президенти Лию Кеэ Ил бошчилигидаги делегация аъзолари дастлаб меҳмонлар ҚҚДУ ўқув биносида KOICA агентлиги томонидан ташкил этилган корейс тили марказига ташриф буюриб, марказ фаолияти, ўқув жараёни ва корейс тилини ўрганувчи талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Бу ерда корейс тили билан шуғулланаётган талаба-ёшлар билан самимий суҳбат ўтказилиб, уларнинг билим даражаси, тил ўрганиш мотивацияси ва келажакдаги режалари ҳақида фикр алмашилди ва ёшларимизнинг корейс тилига бўлган қизиқиш, таълим сифати ва халқаро ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганини юқори баҳолади.

Шундан сўнг делегация раҳбарлари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори вазифасини вақтинча бажарувчи О.Дуйсенбаэв билан учрашиб, суҳбатлашди.

Суҳбат давомида томонлар ўртасида таълим, илмий-тадқиқот, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма дастурларни амалга ошириш каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниб, икки томонлама ҳамкорлик бўйича шартнома имзоланди.

Ҳеч шубҳасиз, тузилган ушбу битим келгусида қўшма лойиҳалар, академик алмашинув дастурлари, маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси