Ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражаси диагностикадан ўтказилади

51

“Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, давлат органларида ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш тизими жорий этилади.

2026 йил 1 январдан коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар, 2026 йил 1 июндан соҳалар назоратига масъул инспекцияларда коррупциявий хавф-хатар даражаси “юқори” ва “ўрта” бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар, 2027 йил 1 январдан бошқа давлат органларида коррупциявий хавф-хатар даражаси “юқори” ва “ўрта” бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ва ушбу лавозимларга номзодлар диагностикадан ўтказилади.

Диагностика Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмасига мувофиқ Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан ўтказилади.

Диагностика натижасига кўра, ходимнинг коррупцияга барқарорлик даражаси “паст” деб баҳоланиши мазкур лавозимда меҳнат муносабатларини давом эттиришига монелик қилувчи ҳолат ҳисобланади.

Бунда ходим коррупциявий хавф-хатар даражаси “паст” бўлган бошқа лавозимга мажбурий равишда ротация қилинади. Бўш бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллашда янгича тизим жорий этилади

Фармонга кўра, давлат органларида бўш бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллашда янгича тизим жорий этилади.

Унга кўра, 2026 йил 1 мартдан давлат фуқаролик хизматида мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар “vacancy.gov.uz” электрон платформасида эълон қилинади. Фуқароларга ўзларига маъқул келадиган мутахассислик, лавозим ва иш ҳақига оид талабларни белгилаган ҳолда “vacancy.gov.uz” электрон платформасида “иш қидирувчи” мақомида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. “vacancy.gov.uz” электрон платформасида рўйхатдан ўтган ва давлат фуқаролик хизматига кириш бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтган фуқаролар ушбу платформада мавжуд бўш иш ўринларига даъвогарлик қилиши мумкин бўлади.

Бунда, фуқароларга тест синовларини шахсни тасдиқлаш ва синовларни назорат қилишнинг махсус онлайн тизими орқали ёки Бошқарув самарадорлиги агентлигининг махсус жиҳозланган хоналарида топшириш имконияти яратилади. Тест натижалари 1 йилгача амал қилади. Танловнинг қўшимча босқичи сифатида ўтказиладиган соҳавий билимларни баҳолаш бўйича тест синовлари давлат органларининг буюртмаларига мувофиқ Агентлик ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан шартнома асосида ўтказилади.

Фармонга кўра, давлат органларида кадрлар захирасини юритиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи янги тартиб жорий этилади. Давлат органлари томонидан Миллий кадрлар захирасига киритилган лавозимлар учун номзодлар рўйхати мустақил шакллантирилади. Саралашдан ўтган номзодлар тарафидан шахсий ривожланиш режасининг бажарилиши “zaxira.bsa.uz” электрон платформаси орқали мониторинг қилинади.

Салоҳиятли кадрлар захирасига номзодлар маҳаллада фаолият кўрсатаётган маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари орасидан туман (шаҳар) ҳокимларининг хулосаси асосида ишчи гуруҳ томонидан сараланади.

Агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматининг бошқарув ва сиёсий лавозим гуруҳларига захира мустақил равишда шакллантирилади. Давлат органларида самарали хизмат қилаётган, бироқ раҳбарлари томонидан тавсия этилмаган номзодларни мустақил аниқлаш ҳамда баҳолаш орқали улар Миллий кадрлар захирасига киритилади.

Н.Абдураимова, ЎзА