Коррупцияга қарши курашиш ойлиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонланади.
Сана муносабати билан декабрь ойида Халқаро коррупцияга қарши курашиш ойлиги ўтказилмоқда.
Ойлик доирасида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи-давлатлари конференцияси модели: иккинчи босқични амалга ошириш обзори” ташкил этилди.
Унда Марказий Осиё юридик олий таълим муассасалари тингловчиларидан иборат 11 жамоа иштирок этди.

Конференция икки босқичдан иборат бўлиб, унда иштирокчилар БМТ конвенцияси бўйича ўз билимларини намоён қилди.
Хусусан, биринчи босқичда иштирокчилар Нигерия, Австралия, Германия, Португалия, Швейцария, Словения, АҚШ, Буюк Британия, Ирландия, Жанубий Африка ва Шимолий Македония давлатларининг шартли делегатлари сифатида БМТ конвенциясининг 55-моддаси, яъни мусодара қилиш мақсадларидаги халқаро ҳамкорлик қоидаларининг мазкур давлатлар қонунчилигида қўлланилиши бўйича ҳисобот берди.
Айтиб ўтиш керакки, Конвенциянинг 55-моддаси иштирокчи-давлатлар ўз ҳудудида жиноий даромадларни, мол-мулкни ва жиноят содир этиш воситаларини мусодара қилиш тўғрисидаги мурожаатномаларни ижро қилиш ва ижрога юбориш, бундай мулкларни аниқлаш, кузатиш, ҳибсга олиш ҳамда мусодара қилиш учун чоралар кўриш ҳамда мазкур модданинг ҳолатларини ҳалол бўлган учинчи томонларнинг ҳуқуқларига зарар етказадиган тарзда талқин қилмаслик каби қоидаларни белгилайди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида жамоалар ўзлари ҳимоя қилган хорижий давлатнинг тажрибаси асосида ўз мамлакатларида мусодара қилиш мақсадларидаги халқаро ҳамкорлик қоидаларини таъминлашга қаратилган таклифлар орқали миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чиқишларни амалга оширди.
Шартли делегатларнинг ҳисоботлари ва таклифлари Бош прокуратура, БМТ ва GIZнинг соҳага доир эксперт-мутахассислари томонидан баҳолаб борилди.
Мазкур тадбир талабаларга БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва илғор хорижий мусодара қилиш масалаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини чуқур ўрганиш ва бу борадаги билим ва кўникмаларини оширишга ёрдам берди.
Н.Абдураимова,
ЎзА