Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга қанча маблағ ажратиляпти?

48

Сенат қўмиталарида “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонун кенг муҳокама қилинмоқда.

Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида даромади қисман ошган, бироқ камбағаллик чегарасида турган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “ижтимоий пакет” жорий этиш белгиланаётгани таъкидланди.

Юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Wоrkоut” спорт турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш мақсадлари учун 85 миллиард сўм йўналтирилиши назарда тутилмоқда.

Давлат театрлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат буюртмасини бажариш шарти билан босқичма-босқич лойиҳавий молиялаштириш тизимига ўтиши белгиланмоқда.

Ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида энг илғор технологияларни олиб келиб, 100 та маҳаллий стартапни халқаро миқёсда жозибадор бизнесга айлантириш учун 50 миллиард сўм йўналтирилмоқда.

***

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида 2026 йилда таълим ва фан соҳаси учун 102,7 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари учун 48,9 триллион сўм ажратилиши режалаштирилаётгани қайд этилди.

Хусусан, умумтаълим мактабларини дарслик, машқ дафтари ва ўқув методик қўлланмалар билан таъминлаш учун 2026 йилда қарийб 2 триллион сўм ёки 2025 йилга нисбатан 53 фоизга кўпроқ маблағ йўналтириш назарда тутилмоқда.

Қўмита мажлисида болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Республика бўйича 4 минг 247 ўриндан иборат 13 ҳудудий вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этилган. Ўтган йилда республика бўйича 18 ёшгача бўлган болалардан 95,5 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 28,8 фоизида турли хил касалликлар аниқланган. Уларни соғломлаштириш чоралари кўрилган.

Тиббиётда учта бўғин (бирламчи, иккиламчи ва республика марказлари) ўртасида маълумотлар алмашиш имконини берувчи Ягона тиббиёт ахборот тизими жорий қилинган.

Сенаторлар болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ҳамда соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилиш бўйича ҳал қилиниши лозим бўлган айрим масалалар долзарблигича қолаётганини таъкидлади. Хусусан, аксарият бирламчи тизим шифохоналарида болалар жарроҳлик бўлимлари ташкил этилмаган, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг жарроҳлик бўлимларида юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилмаган.

Болалар стационар даволанадиган даволаш-профилактика муассасалари ҳамда мактабгача ва мактаб таълими муассасалари тиббиёт хоналарини дори-дармон билан тўлиқ таъминлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмаган.

Муҳокама якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА