Қадриятларни сақлашда исрофгарчиликка йўл қўйилмайди

Кегейли туманида тўй ва бошқа оилавий маросимларни ихчамлаштиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда маҳалла еттилиги вакиллари, кўча оқсоқоллари, хотин-қизлар фаоллари ҳамда ҳаёти давомида кўпни кўрган, тажрибали нуронийлар иштирок этди.
Тадбирда тумандаги бир гуруҳ мутасадди ташкилотлар раҳбарлари сўзга чиқиб, тўй-маросимларни ихчамлаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, тумандаги бир қатор ташкилотлар ўзаро келишган ҳолда, англашув меморандумини тасдиқлади.
Унда белгиланган тартибга кўра, 2026 йилдан бошлаб Кегейли туманида тўй ва бошқа оилавий маросимлар замонавий тартиб бўйича ихчамлаштирилади. Хусусан, жорий этиладиган янги тартибга кўра, эндиликда тантанали тўйлар ва бошқа оилавий маросимлар фақат 1 кун, эрталабки соат 6:00 дан кечки соат 11:00 гача ўтказилади. Тўй-маросимларни ўтказишда кўча бошиларининг вазифаси кучайтирилиб, улар тўй эгаси билан бирга фуқаролар йиғинига боради ва рухсат олади.
Қишлоқ жойларда 250-300 кишига рухсат берилиб, дабдабали, ким ўзар бериладиган тўйлар тўхтатилади. Ёшлар сайлига чиқадиган келин-куёвлар учун фақат 3 та автомашина юришига рухсат берилади. Шунингдек, тўй ўтказиладиган ресторан, тўйхона, тўй бошқарувчилари ва маданий хизмат кўрсатувчи артистлар билан тўй эгаси ўртасида шартнома тузилиб, улар ушбу тузилган шартнома асосида халққа хизмат кўрсатади.
– Илгари туманимизда бир кун олдин меҳмон, бугун тўй, эртага қуда чақириқ, ёшлар тўйи деб 3 кунлаб вақт сарфлаб юрар эдик, – дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими бошлиғи Тажетдин Даулетов. – Бундан буён миллийлигимизга мос келмайдиган «годик тўй,» 40-50 ёшга чиққан юбилей тўй, ўқишга кирган сочма тўйлар, марҳумнинг «еттиси,» «қирқи,» «юзи,» «йили» каби маросимлар ўтказилмайди. Бошқа маросимларнинг тартибли ўтказилишини таъминлаш ҳудудлардаги ички ишлар бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотларга топширилмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси