Юрагимизда жойлашган муқаддас қўшиқ

Муносабат
Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари халқимизнинг миллий ғурури, тарихи ва келажакка бўлган мустаҳкам ишончини акс эттиради. Улар орасида Давлат мадҳияси алоҳида ўрин тутади. У юртимизнинг юрагида қарор топган муқаддас қўшиқдир. У ҳар бир юртдошимизнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини уйғотиб, халқимизга хос юксак фазилатларни қадрлашга даъват этади.
1992 йилнинг 10 декабрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Бугун мана шу тарихий санага 33 йил тўлди. Бу сана ҳар бир фуқаронинг қалбида муҳим қадрият сифатида муҳрланиб қолган. Чунки мадҳия – бу халқнинг орзу-интилишлари, ягона мақсад ва мустаҳкам бирлигининг ифодасидир.
Мадҳия янграганда ҳар бир фуқаронинг қалбида Она-Ватанга бўлган алоҳида меҳр ва ифтихор туйғуси пайдо бўлади, беихтиёр куй садоларига жўр бўлади. Бу туйғулар ҳар бир инсонни мамлакатимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилишга, янада фаол бўлишга ундайди.
Айниқса, спорт майдонларида, Олимпия ареналарида ғолиб спортчиларимиз байроғимизни кўкка кўтариш билан бирга, мадҳиямиз садоларини дунёга таратаётгани – юртимизнинг обрўси, халқимизнинг шуҳрати қанчалик баланд эканини кўрсатади. Бу шукуҳли дамларни кўз кўриб, дилдан ҳис этар эканмиз, ҳар биримиз Ватаннинг ажралмас қисми эканимиздан яна бир бор фахрланамиз.
Мадҳиямиз – халқимизнинг руҳи, табиати, қудратини акс эттирган ноёб мусиқий асар. Унинг овозида халқимизга хос меҳнатсеварлик, мардлик ва шижоат, қувонч ва эзгулик умри мужассам. Шунинг учун ундан болалар ҳам, нуроний кексалар ҳам бирдек руҳланади.
Давлат мадҳияси ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга – уларни Ватанга муҳаббатли, маънан юксак ва жисмонан соғлом бўлиб улғайишга етаклайди.
Ҳар куни эрталаб таълим муассасаларида, байрамларда ёки катта тадбирларда мадҳия янграши – бу Ватан шаънини доимо қалбда сақлаш, истиқлол ғояларига садоқат билан яшашга даъватдир.
Мадҳия – тинчлик, тотувлик, фаровонлик йўлида биргаликда ҳаракат қилишга ва келажакни биргаликда барпо этишга ундайдиган қудратли руҳ манбаи.
Мухтасар айтганда, мадҳиямиз нафақат қудратли мусиқий асар, балки улкан мақсадларга етакловчи ғоявий куч, халқимиз бирлиги ва ҳамжиҳатлиги тимсолидир. Ҳар бир сатрда муқаддас Ватанга чексиз муҳаббат, ғурур ва ифтихор, юрт равнақига қаратилган эзгу ғоялар мужассам.
Мадҳиямизнинг ҳар бир қатори ва куйи қалбимизда ҳамиша янграсин!
Жанар Алиева,
Халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгашининг депутати,
тумандаги 17-сонли умумий таълим мактабининг директори.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги