Инсонпарварлик ва меҳрнинг юксак намунаси

62

Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида инсон шаъни, унинг қадр-қимматини устувор билиш ислоҳотларнинг асосий мазмун-моҳиятига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилингани юртимиздаги янгиланиш жараёнларининг инсонпарварлигидан дарак беради.

Халқимиз азалдан инсонпарварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва кечиримлилик каби улуғ фазилатларни ҳаёт мезонига айлантириб келган. Хато қилган инсон тўғри йўлга қайтишига ишониш, уни қўллаб-қувватлаш, имкон ва умид бериш каби эзгу анъана юртимизда бугун ҳам давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ушбу ҳужжат юзасидан қуйидаги фикрларни билдирди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар йили қутлуғ байрамлар арафасида афв эълон қилиниши ана шу халқчил қадриятларнинг амалдаги ёрқин ифодаси.

Бу амалиёт инсон қадрини юксак қўйиш, жамиятимизнинг маънавий-руҳий покланиши, бағрикенглиги ва адолатга содиқлигини ифодалайди.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилингани ана шу улуғ анъананинг ўзига хос давомидир.

Конституция қабул қилинган кун муносабати билан афв этилганлар сафида 29 нафар аёлларимизнинг борлиги эса, айниқса, қувонарли. Чунки аёлнинг жамият ва оиладаги ўрни, фарзанд тарбиясидаги масъулияти беқиёс.

Қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тўғри йўлга қайтишга қатъий бел боғлаган бу аёллар учун афв – янги ҳаёт бошлаш, оиласи бағрига қайтиш учун жуда катта имконият ҳам.

Шу ўринда мутафаккир аллома Аҳмад Югнакийнинг “Кўни бўл, кўни қил, атин кўни, Кўни тею билсун халойиқ сени” деган ҳикматини тилга олиш ўринли.

Зотан, ушбу пурмаъно ўгит инсонни ҳар бир амалда тўғрилик ва покликка чорлайди. Тўғри йўл танлаган, ҳалол ният билан яшаган инсонни жамиятнинг ўзи эътироф этади.

Давлатимиз томонидан берилаётган ишонч, энг аввало, инсон қадрини улуғлаш тамойилининг амалдаги намунаси. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ушбу аёлларнинг ҳаётга қайта мослашиши, ўз ўрнини топиши, оиласи билан мустаҳкам муносабатларни тиклаши учун зарур ёрдам ва кўмакни кўрсатишда давом этади.

Жонажон Ватанимизда инсон қадрини юксалтириш, адолат ва меҳр-оқибат тамойилларига содиқлик доимо устувор бўлиб қолаверсин.

ЎзА мухбири

Назокат УСМОНОВА

 ёзиб олди.