Глобал сифат инфратузилмаси индексида 29-ўринга кўтарилди

Ўзбекистон Миллий аккредитация тизими
“Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилги Глобал сифат инфратузилмаси индекси натижасига кўра, Ўзбекистон аккредитация хизмати 185 та давлат орасида 29-ўринни эгаллади.
Қайд этиш жоиз, ўтган йилда “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ (ЎЗАКК) 39-ўринда бўлган эди.


Глобал сифат инфратузилмаси индекси миллий сифат инфратузилмаси тизимларининг ривожланишини баҳолаш учун инновацион восита ҳисобланади. У Mesopartner томонидан Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) ҳамда Германия Федерал физика-техника институти (PTB) кўмагида ишлаб чиқилган бўлиб, бутун дунё бўйлаб 185 та иқтисодиётни баҳолайди.
Индекс сиёсатчилар, сифат инфратузилмаси мутахассислари, тадқиқотчилар ва молиялаштириш агентликлари учун қимматли маълумот манбаи ҳисобланади. 2025 йилги ҳисоботда оммага очиқ маълумотлар асосида янгиланган таҳлилий натижа тақдим этилган. Шу билан бирга сифат инфратузилмасини глобал савдо, барқарор ривожланиш ҳамда технологик ўзгаришлар билан боғлайдиган янги тенденциялар таъкидланган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ 6 йил мобайнида фаолият юритиб келмоқда. Қисқа вақт ичида Марказ халқаро тан олинишга эришди ва ILAC MRA / IAF MLA Кўптомонлама Битимларини имзолади. Ҳозирда эса IAF/ILAC асосида янгидан ташкил этилган GLOBAC халқаро ташкилоти томонидан тан олинган.
Бугунги кунда ЎЗАКК 15 та йўналишда халқаро стандартлар бўйича хизмат кўрсатиб келмоқда, ва 2026 йилда яна 6 та халқаро стандарт бўйича янги схемаларни жорий этиш режалаштирилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА