Ҳалол жамият – барқарор тараққиёт пойдевори
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни
Коррупция – жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига путур етказувчи хавфли жиноят бўлиб, у қайсидир мамлакат ёки минтақада тўлиқ бартараф этилган, дея олмаймиз. Бугунги кунда дунё бўйича порахўрлик ҳажми йилига 1 триллион доллар деб баҳоланмоқда. Жаҳон иқтисодиёти коррупциявий фаолият оқибатида яна 2,6 триллион доллардан ортиқ маблағ йўқотмоқда.
Бу эса глобал ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури маълумотларига кўра, ривожланаётган мамлакатлардаги коррупция билан боғлиқ йўқотишлар ривожланиш мақсадлари учун ажратиладиган расмий ёрдамдан 10 баравардан кўпроқ.
Ҳар йили 9 декабрь куни бутун дунёда Халқаро коррупцияга қарши кураш куни нишонланади. БМТ ташаббуси билан жорий этилган ушбу сана жамият, бизнес ва давлат бошқарувидаги энг оғир муаммолардан бири -коррупцияга қарши курашнинг долзарблигини яна бир бор эсга солади.
Бугунги глобал иқтисодиётда коррупция нафақат давлат бюджетига миллиардлаб зарар етказмоқда, балки жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик, ишончсизлик муҳитини кучайтирмоқда. Шу сабабли коррупцияга қарши тизимли кураш фақат иқтисодий эмас, балки маънавий, ижтимоий ва сиёсий барқарорлик учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш борасида сезиларли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши, давлат харидларининг рақамлаштирилиши, лицензия ва рухсатнома жараёнларини соддалаштириш ушбу иллатнинг олдини олиш чораларини сезиларли яхшилади. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида очиқлик стандартларини кучайтириш орқали коррупцияга қарши кураш фақат жазога асосланмасдан, балки тизимли профилактика, рақамлаштириш ва бошқарувни замонавийлаштириш орқали олиб борилмоқда.
Халқаро коррупцияга қарши кураш куни жамиятни ҳалоллик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида қайта қуришга ундовчи чақириқ. Коррупция барча давлатлар учун умумий бўлса-да, унга қарши курашнинг муваффақияти ҳар бир мамлакатнинг сиёсий иродаси, жамиятнинг фаоллиги ва ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятига боғлиқ.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА