Беруний туманида мевали ва токзорларни ривожлантириш бўйича амалий семинар ўтказилди

Беруний тумани Шаббоз овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Озод интенсив боғ» фермер хўжалигида мевали боғ-токзорларни кенгайтириш, мавжудлари бўйича маълумотларни электрон платформага киритиш ҳамда кузги агротехник тадбирларни сифатли ташкил этиш бўйича кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги, шунингдек, агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бўлимларидан масъул мутахассислар иштирок этиб, боғдорчиликда илғор технологияларни жорий этиш бўйича амалий тушунчалар берилди.
Семинар давомида узум кўчатларини кузги совуқлардан ҳимоя қилишнинг замонавий, тежамкор ва самарали усуллари бўйича тажриба машғулотлари ўтказилиб, фермерлар ва мутахассисларга амалий кўрсатмалар берилди.

Тадбир ушбу йўналишда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари учун тажриба алмашиш, илмий асосланган усулларни амалиётга татбиқ этиш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги