Коррупциянинг олдини олишга оид тадбир ўтказилди

62

БМТ Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб «9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни» (International Day Against Corruption) сифатида нишонланиб келинмоқда.

Ушбу кунни белгилашдан мақсад – коррупция муаммосининг туб моҳиятини тушуниш ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишдан иборат.

Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан «Очиқ эшиклар куни» учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда соҳа мутахассислари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутахассислари, тадбиркорлар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Учрашувда иштирокчиларга соҳадаги янгиликлар, имтиёзлар, солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар бўйича маълумотлар берилди. Шунингдек, солиқ идораларида «корхонабай» ва «маҳаллабай» ишлаш тизимлари фаолияти самарадорлиги бўйича ҳам маълумотлар қайд этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Унда асосий тушунчалар берилиб, Коррупция – шахснинг ўз лавозими ёки хизмат даражасидан шахсий манфаатлари ёки бошқа шахсларнинг манфаатлари йўлида моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши, деб кўрсатилган. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик эса – коррупция белгилари бўлган, қилмиши учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган жиноят, деб берилган. Манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг лавозим ёки хизмат вазифаларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқаролар, ташкилотлар, жамият ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган ҳолат, деб кўрсатилган.

Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларнинг устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлигидир.

Қорақалпоғистон Республикаси солиқ бошқармаси Шахсий хавфсизлик бўлими томонидан Қорақалпоғистон Республикаси солиқ хизмати органлари шахсий таркиби билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 95 маротаба коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича турли мавзуларда учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилган.

Ушбу ўтказилган тадбирларнинг 65 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилиб, 8338 та ҳолатда ходимлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган ва тилхатлар олинган.

Солиқ бошқармасининг Шахсий хавфсизлик бўлими томонидан 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида солиқ хизмати органлари ходимларининг ҳаракатлари юзасидан 74 та ҳолатда хизмат текширувлари ва 74 та ҳолатда хизмат текширувлари ўтказилган. Ўтказилган хизмат текширувлари ва хизмат ўрганишлари натижасида, жами 109 та ҳолатда интизомий чоралар қўлланилган. Ўтказилган жами 148 та хизмат текшируви ва хизмат ўрганишлари натижасида тўпланган ҳужжатлардан 92 таси назорат тартибида кўриб чиқилиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Шахсий хавфсизлик бўлими томонидан раҳбариятга киритилган коррупсиявий мазмундаги баёнотлар асосида ўтказилган хизмат текширувлари натижасида 5 та ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Учрашувда кўпчиликка ўрнак бўлиб фаолият юритаётган бир қатор тадбиркорларга солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаб боргани, юқори кўрсаткичларга эришиб келаётгани ва бошқа ҳамкорликлардаги фаоллиги учун бошқарма бошлиғининг «Ташаккурнома»лари топширилди.

Тадбирда талаба-ёшлар солиқ хизмати органлари ходимлари фаолияти билан танишиб, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги