«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон»: Тахтакўпирдаги 7 фуқаролар йиғинининг газ таъминоти яхшиланди

52

Истеъмолчиларга узлуксиз равишда табиий газ етказиб бериш «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиалининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Филиал томонидан аҳолига ўз вақтида табиий газ етказиб бериш сифатини янада яхшилаш учун иситиш мавсуми даврида табиий газ етиб бориши қийин, муаммоли ҳудудлар олдиндан ўрганилиб, улар манзилли дастурга киритилиб қурилиш-таъмирлаш, реконструкция ишлари режалаштирилган.

2025-2026 йилги куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида филиалнинг барча шаҳар ва туман бўлимлари томонидан қурилиш-таъмирлаш бошқармаси билан биргаликда жойларда белгилаб олинган режа-график асосида газ тармоқларини мавсумга тайёрлаш ишлари олиб борилди.

– 5672 та хусусий ва 94 та улгуржи истеъмолчилар жойлашган Тахтакўпир туманида ҳам 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида йирик таъмирлаш, қурилиш, реконструкция ишлари олиб борилди, – дейди Тахтакўпир тумани газ таъминоти бўлими бошлиғи Алишер Андигенов.

Тумандаги Тахтакўпир, Ғарезсизлик, Айдин жол, Даўир, Атакол, Агитай Адилов ва Мулк овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаб турган д-273 мм.лик ер ости газ тармоғи эскириб ҳудуд аҳолисига куз-қиш мавсумида табиий газ босими билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Ушбу муаммоларни бартараф этиш ва аҳолига узлуксиз равишда табиий газ етказиб беришни яхшилаш мақсадида жами 4,1 километрлик газ тармоқларини реконструкция қилиш ишлари олиб борилди.

Ер ости газ тармоқлари ер устига чиқарилиб, янгидан д-219 мм.лик газ тармоқлари тортилди. Натижада ушбу ҳудуддаги истеъмолчиларнинг газ таъминоти яхшиланишига эришилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги