Талабалар билан Конституцияга бағишланган тадбир ўтказилди

3

Нукус давлат техника университетида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва Бош Қомусимизнинг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбир ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни фаол фуқаро сифатида шакллантириш ва Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш ҳиссини кучайтиришга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Тадбир Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари ижроси билан бошланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Мурат Атамуратов, Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси катта инспектори Бегдияр Утебаев, Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умиджон Авезов, шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар Конституциянинг ҳар бир фуқаро учун ҳаётий аҳамиятга эга қоидалари, янги таҳрирдаги нормаларнинг мазмун-моҳияти ва улар орқали мустаҳкам ҳуқуқий давлат барпо этишда қўйилган қадамлар ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатни демократик тараққиётнинг янги босқичига олиб чиққани алоҳида таъкидланди. Бош қомусда «инсон – жамият – давлат» тамойилининг устуворлиги бугунги давлат сиёсатида инсон манфаати биринчи ўринда туришини кўрсатади.

– Янги таҳрирдаги Конституция фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, ёшларимизни ҳуқуқий фаолликка чақириш ва уларни юксак мақсадларга интилишга ундашда муҳим воситадир, – деди университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Р.Ўтениязов. – Чунки ҳар бир инсон ўз ҳуқуқларини англаб, фуқаролик масъулиятини тушуниб юрсагина, бу мамлакатимизда қонун устуворлиги ва демократик тамойиллар мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Тадбир якунида мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг билим, маҳорат ва етук инсон сифатида камол топишида Конституциянинг белгилаб берган нормалари муҳим асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги