«Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендия танлови натижалари эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг 2025 йил 2-очиқ стипендия танлови доирасида тест синовлари ўтказилди.
Жамғарма ахборот хизматидан маълум қилишларича, барча жараёнлар очиқлик, шаффофлик, тенглик ва инклюзивлик тамойилларига асосан ташкил этилди.
Иккинчи очиқ стипендия танлови доирасида 12-26 ноябрь кунлари ҳужжатларни қабул қилиш фақатгина ONE ID миллий рақамли идентификация тизими билан интеграция қилинган онлайн платформа орқали амалга оширилди.
Ҳужжатларни қабул қилиш даврида платформада 6 мингдан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтди, бу эса жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғонганини кўрсатди.
Ҳужжат топширганларнинг 59 фоизи бакалавр, 34 фоизи магистратура ва 7 фоизи докторантура таълим йўналиши бўйича дунёнинг “Топ-300” университетларидан қабул хатлари олган.
Номзодлар 21 давлатдаги университетлардан қабул хатларини олган. “Топ-5” давлатлар қаторида – Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Италия ва Жанубий Корея бор.
2-очиқ стипендия танлови учун 277 квота ажратилган бўлиб, улардан 105 таси бакалавриат, 122 таси магистратура, 50 таси докторантура бўйича тақсимланган.
Танлов комиссияси томонидан дастлабки саралашдан муваффақиятли ўтган 480 нафардан зиёд номзоднинг навбатдаги босқичда иштирок этишига рухсат берилди.
Тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилди. Тестлар номзодларнинг интеллектуал салоҳиятини, таҳлилий ва танқидий фикрлаш қобилиятини, психологик барқарорлигини баҳолашга қаратилди.
Номзодларга қулайлик яратиш мақсадида уларга тест синовларида офлайн (агар Ўзбекистон ҳудудида бўлса) ва онлайн (агар чет элда бўлса) шаклларида иштирок этиш имконияти тақдим этилди. Бундан ташқари, тест топшириш нуқталари нафақат Тошкент шаҳрида, балки Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳам ташкил этилди. Бу номзодларга бевосита ўз ҳудудларида синовдан ўтиш орқали вақт ва маблағларини тежаш имконини берди.
Тест синовларида 315 нафар номзод иштирок этди, улардан 155 нафари тест учун белгиланган энг юқори – 100 баллдан камида 61 балл тўплаб, суҳбат босқичига муваффақиятли ўтди.
Шунингдек, 148 нафар номзод 1-очиқ стипендия танлови доирасида тест синовларидан озод этилди. Танлов низомига мувофиқ, танловнинг биринчи босқичидан муваффақиятли ўтган ҳамда белгиланган муддатда ўзининг академик салоҳиятини тасдиқловчи амалдаги халқаро сертификатларни (SAT, GRE, GMAT, А-Level) тақдим этган номзодлар тест синовларидан озод этилади. Улар кейинги босқич – суҳбатда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, «Эл-юрт умиди» жамғармаси 2025 йил 1-очиқ стипендия танлови натижасига кўра, 173 нафар номзод «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эл-юрт умиди» стипендияси совриндори» деб эътироф этилди. Уларнинг 70 фоизи жаҳоннинг “ТОП – 100” рўйхатидаги университетларига кирган ёшлардир. Бу стипендиатларнинг сифат жиҳатидан янги таркиби.
Қатъият билан меҳнат қилиб, ўз устида ишлаб, дунёнинг энг яхши университетлари – Кембриж, Пенсилвания, Сеул миллий университети, Нью-Йорк, Лондон, Гонконг, Дюк университетлари каби нуфузли олий ўқув юртларига киришга муваффақ бўлганлар қўллаб-қувватланди.
Н.Абдураимова, ЎзА