D-med дастурининг коррупциянинг олдини олишдаги самараси

10

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашда белгилаб берилган вазифалар доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва «Адолат» социал-демократик партияси томонидан «10 ноябрь-10 декабрь кунлари республикамизда Коррупцияга қарши курашиш ойлиги» деб эълон қилинди.

Ойлик доирасида юртимиздаги соғлиқни сақлаш ташкилотларида «Соғлиқни сақлаш тизимини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш – устувор вазифамиз!» шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Шундай маърифий тадбир Нукус шаҳридаги 8-сонли оилавий поликлиникада ҳам ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул вакиллари, тиббиёт ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош юрисконсульти Жиенбай Алланиязов, вазирликнинг Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси, соҳада коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси хизмат вазифаларини бажарувчи Роза Қайпназаровалар сўзга чиқиб, бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган ойликнинг аҳамияти ва бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида тадбир иштирокчиларига тушунтиришлар берди.

Сўнгра оммавий ахборот воситалари вакиллари учун поликлиникада пресс-тур ташкил этилиб, улар соғлиқни сақлаш соҳасида инсон омилини камайтириш мақсадида, бирламчи тиббий хизматга замонавий технологияларни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

– Поликлиникамиз Нукус шаҳридаги 40 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, – дейди 8-оилавий поликлиника бош шифокори ўринбосари Зулфия Исмоилова. – 2024 йилнинг 10 февраль куни янгидан қурилиб фойдаланишга топширилган поликлиникамиз барча зарур асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Айниқса, поликлиникамизда D-med электрон дастурининг ишга туширилиши соҳада қоғозбозликни камайтириш ва коррупциянинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбир давомида журналистлар соҳа ходимларига саволлар бериб, уларга тегишли жавоблар олди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси