Ислоҳотларимиз натижаси барча вилоятлар қаторида Сирдарёдаги улкан ўзгаришларда ҳам яққол намоён бўлмоқда – Президент

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.
– “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида амалга ошираётган ислоҳотларимиз натижаси барча вилоятлар қаторида Сирдарёдаги улкан ўзгаришларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Илгари асосан қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган бу заминда саноат, сервис, туризм йўқдан бор бўлди, бизнес муҳити яхшиланиб, илғор тадбиркорлар синфи шаклланди,– деди давлатимиз раҳбари.
Саккиз йилда Сирдарёга 4 миллиард доллар инвестиция киритилди. Бу даврда 187 та йирик қувватлар ишга тушди, 120 минг иш ўрни яратилди. 50 га яқин янги маҳсулот чиқариш йўлга қўйилиб, саноат 4 триллиондан 25 триллион сўмга етди.
Минглаб савдо-сервис объектлари ташкил қилингани натижасида хизматлар ҳажми 1,5 триллиондан 12 триллион сўмга ошди.
Олдин дотацияли бўлган Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Мирзаобод, Сайхунобод, Сирдарё ва Ховос туманлари харажатини ўзи қоплашга ўтди.
ЎзА