Ўзбекистонда СИ технологияларини ишлаб чиқишда этика қоидалари жорий этилади

Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда қўллашдаги этика қоидалари ва тамойиллари тасдиқланади. Бу борадаги идоравий буйруқ лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Буйруқ лойиҳаси билан қуйидагиларни назарда тутувчи Этика қоидалари тасдиқланмоқда:
- қонунийлик;
- шахс, жамият ва давлат ва атроф табиий муҳит манфаатларини ҳимоя қилишнинг устуворлиги;
- тушунарлилик;
- СИ тизимларининг доимо инсон назорати остида бўлиши;
- мутаносиблик;
- масъулият ва жавобгарлик;
- адолатлилик ва камситишга йўл қўймаслик;
- очиқлик ва шаффофлик;
- маълумотлар ҳимояси;
- ишончлилик ва хавфсизлик;
- хабардорлик ва саводхонлик.
Шу билан бирга, Этика қоидаларида сунъий интеллект технологияларини тартибга солувчи ваколатли орган ва сунъий интеллект технологиялари соҳасининг бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Қайд этилишича, сунъий интеллект технологияларининг технологик мураккаблиги ва автономияси, уларнинг шиддат билан ривожланиш факти ҳамда хавф-хатарларни аниқлашнинг имкони бўлмаганлиги сабабли Этика қоидаларини ишлаб чиқишда инсон ва давлатнинг фундаментал ҳуқуқларига зарар етказмаслик шарти асос сифатида қўлланилган.
Маълум қилинишича, Этика қоидалари ва тамойилларини ишлаб чиқишда қатор давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг тажрибалари атрофлича ўрганиб чиқилган. Жумладан, БААнинг Сунъий интеллект вазирлиги ҳамда Индонезиянинг Коммуникациялар ва рақамлаштириш вазирлиги томонидан тасдиқланган, шу билан бирга, ЮНЕСКО, Европа Иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти сингари халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар томонидан ҳам Этика қоидалари тасдиқланган ҳужжатлар ўрганилган.
Ҳужжат билан сунъий интеллект иштирокчилари (ишлаб чиқувчи, жорий этувчи, тартибга солувчи ва фойдаланувчилар)нинг жавобгарлиги СИ тизимларини ишлаб чиқиш, жорий қилиш, тартибга солиш ва фойдаланиш инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, унинг ҳаёти ва соғлиғи, давлат ва жамоат хавфсизлиги ҳамда атроф-муҳитга зарар етказилишига олиб келиши амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.