«Қиёт» маҳалласида ҳам янги спорт майдони фойдаланишга топширилди

16

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари, ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Унда ташаббусли бюджет орқали халқнинг хоҳиши бўйича энг муҳим, деб ҳисобланган объектларга алоҳида тўхталиб ўтсак бўлади.

Қўнғирот тумани Қиёт ОФЙдаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактаби ёнида Ташаббусли бюджет дастурининг 2025-йилги 1-мавсумида замонавий универсал спорт майдончасини қуриш бўйича таклиф илгари сурилган эди. Маҳалла аҳли бу ташаббусни фаол қўллаб-қувватлаб, 1961 овоз билан мавсум ғолибларидан бири деб топилди.

Ушбу таклиф амалий натижага айланиб, барча қулайликларга эга бўлган спорт майдони фойдаланишга топширилди. Энди бу ҳудуд ёшлари учун футбол, волейбол, баскетбол каби турли спорт турлари билан шуғулланиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиши учун қулай шароитлар яратилди.

Маҳаллада амалга оширилган ушбу лойиҳа ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни спортга кенг жалб этиш ва соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Албатта, аҳолининг ишончи ва фаол фуқаролик позицияси бу натижага эришишда муҳим ўрин тутди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги