Экопартия: 2030 йилгача двигателли енгил автомобиллар ҳаракатланишини чеклаш лозим
Бугунги кунда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш энг асосий устувор йўналишлардан бирига айланди. Бу борада қатор ҳаётий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан айни кунларда кузатилаётган атмосфера ҳавоси ёмонлашувини кескин камайтиришга қаратилган ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда Ўзбекистон Экологик партияси ҳам табиатни асраш ва уни келажак авлод учун соф ҳолда етказиш учун қаттиқ чораларни кўриш лозимлигини қўллаб-қувватлаган ҳолда бир қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.

Жумладан, 2030 йилга қадар босқичма-босқич пойтахт ва йирик шаҳарларда ички ёнув двигателли енгил автомобиллар ҳаракатланишини чеклаш, меъёрдан ортиқ ифлослантирувчи моддалар чиқарилгани учун компенсация тўловларини 10 баробаргача ошириш, юк ташишни йирик юк машиналаридан темир йўлларга ва атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатадиган бошқа транспорт турларига ўзгартиришни таклиф этмоқда.
Бундан ташқари, қурилиш учун дарахтларни кўчириб ўтқазиш баҳонасида уларни нобуд қилиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида ўн йилдан ошган дарахтларни кўчириб ўтқазишни қонунан ман этиш шартлигини илгари сурмоқда.

Ўз навбатида, Экологик партия атроф-муҳит муҳофазаси йўлида бир қатор чора-тадбирларни белгилаб олган. Хусусан, партия қошида партия фаоллари, эколог олимлар ва давлат ташкилотлари вакилларидан иборат Махсус штаб тузилиб, экологик рейдлар ўтказилмоқда.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммоларнинг олдини олиш ва ҳал этишга қаратилган хорижий тажрибага асосланган илмий ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида партия “Олимлар корпуси” жалб этилди.
Шунингдек, аҳоли, тадбиркорлар, умуман, жамиятдаги барча қатламнинг экологик билимлари ва маданиятини янада юксалтириш мақсадида мажмуавий тарғибот дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.
Қолаверса, партия атроф-муҳитни муҳофаза қилишни такомиллаштириш, соҳада қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш ҳамда молиявий санкцияларни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар бошланганини маълум қилди. Жумладан, “Атроф-муҳит мониторинги тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси устида иш бошлаб юборилган.
Умуман, Экопартия аҳоли саломатлиги, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган экологик ислоҳотларда фаол иштирок этиб, табиатни асрашда бош-қош бўлишга бел боғлаган.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА