Нукусда Халқаро ногиронлар куни кенг нишонланди

61

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Бошқа ҳудудларда бўлгани каби Нукус шаҳрида ҳам 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Шундай байрам тадбирларидан бири Нукусдаги «Меридиан» тўйхонасида ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими раиси П.Давлетиярова ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун хизмат қилаётганини таъкидлади. Шу мақсадда уй-жойлар, турли реабилитация техник воситалари билан таъминланаётгани, бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, моддий-маънавий қўллаб-қувватланаётгани ҳақида сўз юритилди.

Нукус шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Нукус шаҳар бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда имконияти чекланган 120 нафар фуқаро иштирок этиб, уларга совғалар топширилди. Тўкин дастурхон ёзилиб, қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.

– Имконияти чекланган фуқаролар доимо эътиборимизда, – дейди Нукус шаҳар ногиронлар жамияти раиси Гулнора Тасбаева. – Байрам арафасида уларнинг ҳолидан хабар олиниб, совғалар улашилмоқда. Бугун байрам тадбирини ташкил этишда яқиндан ёрдам берган Нукус ҳокимлигига миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги