Миллий бирлик ва ҳуқуқий барқарорлик пойдевори

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддаси мамлакатда фуқаролик институтининг ҳуқуқий моҳияти ва унинг амалий аҳамиятини белгилаб берадиган асосий қоидалардан биридир.
Мазкур модда ўзининг ташқи соддалигига қарамай, давлатчилик барқарорлиги, ижтимоий тенглик ва ҳудудий яхлитликни таъминлайдиган сиёсий-ҳуқуқий механизм сифатида хизмат қилади. Фуқаролик тушунчаси ҳар бир инсоннинг давлат билан муносабатини белгилайдиган асосий ҳуқуқий категория бўлгани учун, ушбу моддада акс этган нормалар нафақат ҳуқуқшунослар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам долзарбдир.
Ўзбекистонда ягона фуқаролик ўрнатилгани — мамлакатнинг барча қисмида бир хил ҳуқуқий макон мавжуд эканини англатади. Бу норманинг ҳуқуқий моҳияти давлатнинг унитар табиати билан узвий боғлиқ. Аҳоли қаерда яшашидан қатъи назар, бир хил фуқароликка эга бўлиши — ҳеч қандай минтақавий, ҳудудий, маъмурий ёки этник асосда фуқаролик мақомининг фарқланмаслигини таъминлайди. Бундай ёндашув жамиятда адолат ҳиссини мустаҳкамлайди, фуқаролар ўртасидаги тенглик принципини ҳаётга татбиқ этади ва давлат билан фуқаро ўртасидаги муносабатларнинг барча соҳаларда бир хил амал қилишини кафолатлайди.
Ягона фуқаролик тушунчаси амалда миллий бирдамликни, ижтимоий барқарорликни ва сиёсий яхлитликни таъминлайдиган муҳим омилдир. Турли давлатларда кўриладиган «икки босқичли фуқаролик» ёки «минтақавий мансублик» каби тушунчалар кўп ҳолларда сиёсий беқарорликка сабаб бўлиши мумкин. Чунки, турли ҳудудларда яшовчи фуқароларда ҳуқуқий мақом турлича бўлса, уларнинг давлатга бўлган муносабати ва ҳуқуқий масъулиятида фарқ пайдо бўлади. Ўзбекистонда эса бундай ҳолатнинг ўзига ҳам ҳуқуқий, ҳам сиёсий жиҳатдан йўл қўйилмаган, бу эса мамлакатнинг ўтган 34 йилдаги барқарор ривожланишига хизмат қилган омиллардан бири ҳисобланади.
Моддада алоҳида қайд этилган муҳим қоида — Қорақалпоғистон Республикаси фуқаросининг айни вақтда Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланиши ҳақидаги норма. Бу қоида илмий-ҳуқуқий нуқтаи назардан икки вазифани бажаради: биринчи вазифа — ҳудудий яхлитликни мустаҳкамлаш, иккинчиси — умумфуқаролик идентификатсиясини таъминлаш.
Фуқароликнинг тенглиги масаласи ҳам бу модданинг энг муҳим қисмларидан биридир. Фуқароликка қандай асосда эга бўлганидан қатъи назар, унинг барча учун тенг эканлиги — конституцион давлатчиликнинг ажралмас тамойилидир. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларида фарқ бўлмаслиги, давлатнинг ҳимояси ва кафолатларидан тенг даражада фойдаланиши, суд олдида тенглик принципини амалга ошириш — мана шу норманинг реал кўринишларидир. Бу қоида нафақат ҳуқуқий тенгликни, балки жамиятдаги ижтимоий адолат ҳиссини ҳам мустаҳкамлайди. Чунки давлат фуқаролик мақомини инсоннинг пайдо бўлган манбаи, келиб чиқиши ёки иқтисодий ҳолати бўйича фарқламайди.
22-моддадаги нормалар амалиётда фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми, давлат томонидан ҳимояланиши, ижтимоий дастурларда иштирок этиши, иқтисодий муносабатларда қатнашиши ва сайлов жараёнларига муносабатида тўла намоён бўлади. Фуқароликнинг ягона эканлиги мамлакатда демократик институтларнинг шаклланишига, иқтисодий ривожланишда баробар имкониятларни таъминлашга ва фуқароларнинг давлатга нисбатан ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фуқаролик тенглиги аҳолининг ҳар бир қатламига давлат томонидан адолатли муносабатни таъминлайди. Бу принципнинг амал қилиши жамиятда табақаланишни чеклайди, ҳудудлар ўртасидаги ҳуқуқий фарқларнинг олдини олади. Масалан, меҳнат муносабатлари, ижтимоий таъминот, тиббий хизмат, таълим ҳуқуқи каби соҳаларда фуқароларнинг мақоми бир хил бўлгани учун, давлат сиёсатини амалга оширишда умумфуқаролик имконияти вужудга келади. Бу эса ички миграция жараёнларини ҳам барқарорлаштиради: одамлар қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар, ҳуқуқлари ўзгармаслигини билади.
Ягона фуқароликнинг халқаро ҳуқуқий қиймати ҳам катта. Халқаро нормаларда давлат фуқароларининг тенг ҳимояланиши давлат суверенитетининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилади. Ўзбекистонда 22-модданинг мавжудлиги халқаро муносабатларда ҳам ҳуқуқий аниқликни таъминлайди, фуқароларнинг хорижда ҳимояланиш механизмини кучайтиради. Давлат ўз фуқаросини қаерда бўлишидан қатъи назар, бир хил даражада ҳимоя қилиш мажбуриятига эга.
Ўтган давр тажрибаси шуни кўрсатдики, 22-моддадаги нормалар мамлакатда кучли ижтимоий барқарорликни сақлаб турадиган элементлардан бирига айланган. Мустақилликнинг илк йилларида фуқаролик масаласида кескин ижтимоий ихтилофлар юзага келмагани ҳам айнан шу норманинг тўғри белгиланганлигидан далолат беради. Агар фуқаролик ҳудудлар бўйича фарқланганида, бу мамлакатда ижтимоий парчаланиш хавфини кучайтирган бўлар эди. Ҳозирги кунда ҳам фуқароликнинг ягона эканлиги Ўзбекистоннинг давлат сифатида барқарор ва яхлит ривожланишида муҳим омил бўлиб қолмоқда.
Конституциянинг 22-моддаси мамлакатда ҳуқуқий тенглик, ҳудудий яхлитлик ва сиёсий барқарорликка хизмат қиладиган асосий конституцион принциплардан биридир. Унинг ҳуқуқий аҳамияти — фуқаролик институтининг яхлит, аниқ ва барқарор тартибга солиниши; ижтимоий аҳамияти — фуқароларнинг тенг ҳуқуқий мақомда эканлиги; сиёсий аҳамияти — давлатнинг унитар табиати ва ҳудудий бирлигини мустаҳкамлаш; инсонпарварлик аҳамияти — ҳар бир инсоннинг давлат томонидан ҳимояланишининг тенг даражада кафолатланишидир. Шу жиҳатдан 22-модда нафақат ҳуқуқий норма, балки Ўзбекистон давлатчилик модели ва жамият ривожланишининг асосий пойдеворларидан бири ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик бериш билан боғлиқ ишлар Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфатларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб, давлат ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатиш кафолатларини амалда таъминлашнинг натижасидир.
Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституциясида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгиловчи миллий ҳуқуқ тизимининг алоҳида институти сифатида янада такомиллаштирилди.
Улуғбек Мухамедов,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети,
жамоат хавфсизлигини таъминлаш кафедраси катта ўқитувчиси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги