Конституция – демократия ва ижтимоий тараққиёт пойдевори

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Қорақалпоғистон тиббиёт институтида тантанали байрам кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси А.Жуманазаров, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири Б.Тўребеков, Олий суд судьяси А.Сапаров, институт деканлари, ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилар, тюторлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тантанали кеча давлат мадҳиялари билан бошланиб, уни институт ректори О.Халимов кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимизнинг асосий қонуни – Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қиладиган, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворидир.
1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг менталитети ва урф-одатлари, замонавий демократик тамойиллар, илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ўтган йиллар давомида мамлакат тараққиётининг бош мезонига айланган.
Кечада сўзга чиққанлар сўнгги йилларда давлат бошқарувида қонун устуворлигини таъминлаш, янгича давлат сиёсатини шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юксак баҳо берди. Айниқса, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдуми натижасида Конституциянинг янги таҳрирда қабул қилиниши барча соҳаларда, жумладан, таълим тизимида туб ўзгариш ва янгиланишлар учун ҳуқуқий замин яратгани кўрсатиб ўтилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг янгиланган Конституциясида ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, интеллектуал ва маънавий жиҳатдан баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун зарур тамойиллар белгиланган. Шу мақсадда, Қорақалпоғистонда олий ўқув юртлари сонининг ортиши, институтларнинг моддий-техник базасининг мустаҳкамланиши, қабул квоталарининг кўпайтирилиши, айниқса, қўшимча грант ўринларининг ажратилиши – Бош Қомусимизда белгиланган нормаларнинг ҳаётдаги яққол кўринишлари ҳисобланади.
Тиббиёт институтида ўтказилган тадбир нафақат Конституция қабул қилинганининг 33 йиллигини муносиб нишонлашга, балки талабаларда Ватанга садоқат, қонунларга ҳурмат ва ҳуқуқий маданиятни мустаҳкамлашга хизмат қилди, деб айта оламиз.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи