Энди хусусий ташкилотларда ишловчи аёлларга ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади

25

Қуйи палата мажлисида айтиб ўтилганидек, 2026 йилда республика бюджети харажатлари 308,4 триллион сўм бўлиши кутилмоқда. Харажатларнинг қарийб 55 фоизга яқини ижтимоий соҳага ажратилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилган таълим сифатини ошириш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш учун Давлат бюджети харажатларининг 25,5 фоизи миқдоридаги маблағлар таълим ва фан соҳаси, 12,1 фоизи соғлиқни сақлаш ҳамда 4,2 фоизи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш жами харажатлари учун ажратилиши ўз ифодасини топган. Биргина онкология соҳаси учун 250 миллиард сўм ёки жорий йилга нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб давлат ёки хусусий ташкилотлардаги барча ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш йўлга қўйилади. Ушбу мақсадларга Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан 3,4 триллион сўм тўланади. Бунинг учун бюджетдан мазкур жамғармага 1,5 триллион сўм трансфер қилинади.

Нафақа, моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий ёрдамлар учун 17 триллион сўм маблағ ажратилади. Уй-жой шароитини яхшилаш мақсадлари учун 15 триллион сўм йўналтирилади. Шундан 12,3 триллион сўми тижорат банкларига ипотека учун ресурс сифатида ажратилади. Қолган қисми субсидиялар учун йўналтирилади.

Муҳтарама Комилова,  

Носир Ҳайдаров (сурат),

ЎзА